Савоб ортидаги нафс ёхуд нега жамиятимизда иккинчи хотинлар кўпаймоқда?

Савоб ортидаги нафс  ёхуд нега жамиятимизда иккинчи хотинлар кўпаймоқда?

Барча замонларда ҳам қўшхотинлик долзарб масалалардан бири, яъни, ҳозирги замонавий журналистика тили билан айтганда, трендда бўлиб келган. Гарчи шариатда тўртта хотин олишгача рухсат берилган бўлса-да, қўшхотинлик қонун нуқтаи назаридан тақиқланади. Аммо эркаклар орасида иккинчи хотин олишга бўлган иштиёқ барибир кучли. Балки “тақиқланган мева – ширин” бўлгани учунми? Ёки юртимизда савобталаб эркаклар сони ортиб боряптими? Зеро, қўшхотинли эркакларнинг наздида бу – савоб иш!


⚡️ДАВЛАТ СТАТИСТИКА ҚЎМИТАСИНИНГ МАЪЛУМОТЛАРИГА КЎРА, 2022 ЙИЛНИНГ ЯНВАРЬ-ИЮНЬ ОЙЛАРИДА ЎЗБЕКИСТОН БЎЙИЧА 24 572 ТА НИКОХДАН АЖРАЛИШ ҲОЛАТИ ҚАЙД ЭТИЛДИ. ЭНГ КЎП АЖРИМ ТОШКЕНТ ШАҲРИ (2950ТА), САМАРҚАНД (2569ТА), ТОШКЕНТ (2535ТА), АНДИЖОН (2532ТА), ФАРҒОНА (2527ТА), НАМАНГАН (2183ТА) ВА ҚАШҚАДАРЁ (2006ТА) ВИЛОЯТЛАРИДА ҚАЙД ЭТИЛГАН.
Қўрқув остидаги ҳаёт
Яқиндан бери подъездимиздаги чироқ ўзидан-ўзи ўчиб қолаверадиган бўлиб қолди. Куйиб қолдимикан деб ўйлаб, қарасам, йўқ, куймаган, ҳаммаси жойида. Бироқ чироқ ёқиш тугмасидан ўчирилган. Ёқиб кириб кетсам, ҳеч қанча ўтмай яна ўчириб қўйилган бўлади. 3 кунгача бу “кўринмас” одам кимлигини билолмай ҳайрон бўлиб юрдим. Биронта ёш бола ҳазиллашиб, бизни майна қиляптими, деган ўйга ҳам бордим. Хайтовур, аниқ бўлди. Маълум бўлишича, пастки қаватга янги қўшни кўчиб келган. Аммо аёл кимнингдир иккинчи хотини экан. Нега бундай қилаверишига сабаб эса эрининг биринчи хотини тўполон қилиб келишидан қўрқар экан. Шу боис уйда дамини чиқармай ўтирар, чироқларни ўчириб юраркан. Ана, ҳаёт!
Ҳа, менимча унинг хавотирланишига асос бор. Ўтган йили рўпарамдаги уйда ана шундай воқеа содир бўлганди. Бир эркакнинг хотини пойлаб келиб, эрини “ушлаб” олган, иккинчи хотинни бутун домга эшиттириб хақорат қилган, сочларидан судраб урганди.
Қўшхотинли эркаклар иккинчи хотинларига асосан кўп қаватли уйлардаги квартиралардан олиб беришади. Биронта данғиллама ҳовлида яшаган иккинчи хотин ҳақида эшитмаганман. “Дом”ларда эса иккинчи хотинлар тўлиб ётибди. Ё арзонроқ бир хонали уй ёки ҳамма шароитлари бор квартира - ижарага. Янаям ўша эркакка қойил. Ахир айримлар битта рўзғорни зўрға эплаётган маҳалда яна бир хотин олиб, унинг рўзғорини таъминлашнинг ўзи бўладими?
Аслида, қўшхотинлик ўзбек жамияти учун янгилик эмас. Худди ота-боболаримиздан ўтиб келаётган, йўқотиб бўлмас, азалий анъана – меросга ўхшайди. Айниқса, диний чекловлар олиб ташланиб, кўплаб эркинликлар берилгач, кўпхотинлик яна палак ёзди.

- Айтайлик, боқувчисини йўқотган тул жувон. Икки ёки ундан ортиқ боласи бор. Бир эркак шу жувонни никоҳига олиб, унинг таъминотини қилса, нимаси ёмон? Ҳам бир кўнгилни обод қилган бўлади, ҳам отасидан айрилган норасидаларнинг бошини силайди. Бу улкан савоб-ку! Масалан, мен иккинчи хотин олсам, атрофдагилардан яшириб ўтирмайман. Аммо, менда ҳозир бунга моддий имконият йўқ! - дейди Андижон шаҳрида яшовчи тадбиркор Саидбурхон Акмалов.

Яхши эркак эгасиз бўлмайди
27 ёшли Саида истарали, кулгичлари ўзига ярашиб туради. Қадди-қомати ҳам чакки эмас, кўкраклари дуркун. Эри билан 7 йил яшаб, фарзандли бўлмади. Ажрашгач эса, ота ҳовлисига сиғмади. Ижарага квартира олиб чиқиб кетишга Саиданинг пули йўқ. Шундай кунларнинг бирида унга квартира олиб бераман, рўзғорингни таъминлайман, деган эркак йўлиқди. Аммо бу тўкис ҳаётнинг бир шарти бор эди. Жувон тадбиркор эркакка иккинчи хотин бўлиб яшаши ва бундан ҳеч ким хабар топмаслиги лозим.
- Ўзига тўқ, топармон-тутармон, бунинг устига, характери яхши эркакларнинг боши очиғи бўлмас экан. Боши очиқ эркаклар ё иши, уй-жойининг тайини йўқ, ё хотини ўлиб, бир этак боласи билан қолган. Хуллас, яхши эркак эгасиз бўлмайди, - дейди Саида. - Бунақа эрга тегиб, бир умр қийналиб яшаб ўтгандан, “нормалний” эркакка иккинчи хотин бўлиб текканим яхши деб ўйладим. Аммо, иккинчи хотин бўлиш осон эмас экан. Қачонлардир кундошим билиб қолиб, тўполон кўтаришидан, эримни келтирмай қўйишидан қўрқаман.

Саида
Р.нинг иккинчи хотини
Ҳуқуқшунос Абдуфаттоҳ Эгамбердиевнинг айтишича, иккинчи хотин бўлиш аёлларга рўзғорга молиявий ёрдам олишдан бошқа бирон-бир ҳуқуқий устунлик бермайди. Чунки, қонунчилигимизга кўра, эркаклар фақат бир аёл билан никоҳдан ўтишлари мумкин. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Абдуфаттоҳ Эгамбердиев - ҳуқуқшунос
Қўшхотинлилик кўпайишига ажримлар сабабми?
Айримлар кейинги пайтларда қўшхотинли эркакларнинг кўпайиб бораётгани сабабини мамлакат миқёсида ажримларнинг ортиб бораётгани билан ҳам боғлашади.
Бу эса - “вилоятда шунча аёл бева қолди”, дегани.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 1 январдан 1 июнгача 21 мингга яқин оила расман ажрашган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23% га, яьни 4700 тага кўп. Хусусан, судларнинг тегишли қарорларига асосан - 14 986 та, ўзаро розилик асосида - 5 812 та ажрим ҳолати қайд этилди. Ажримлар сони бўйича эса Андижон (800 та) етакчилик қилмоқда.
Ажрашганларнинг аксарияти 20-35 ёш оралиғидаги жувонлардир. Уларнинг кўпчилиги эри билан ажрашгач, молиявий таъминотсиз қолиб кетади ва шу сабаб ёрдам бера оладиган, ҳеч бўлмаса, рўзғорини эплайдиган эркакнинг  иккинчи хотини бўлиб яшашни исташади.
- Гап фақат қоринда эмас, чунки ризқимиз Яратганнинг ихтиёрида, то тирик эканмиз, ҳеч ким оч қолиб кетмайди. Бугунги кунда аёллар сони эркакларга нисбатан кўп. Тўғри, ҳозир ўғил болалар туғилиши кўпайиб, улар сони қизларникидан ортиб кетганини статистика кўрсатмоқда. Бироқ улар ҳали никоҳ ёшига етган эмас. Шундай экан, агар ҳамма эркаклар фақат биттадан хотинга уйланса, ортиб қолган аёллар нима қилишади? Улар ҳам инсон, оилали, эрли, фарзандли бўлишни хоҳлайдилар.

Гулнора Қурбонова
Келинг, мана шу жойда кўпхотинлик борасида айрим фуқароларимизнинг фикрларига қулоқ тутсак.
Қўшхотинлик ҳақида эркаклар фикри
Қўшхотинлик ҳақида аёллар фикри
Жамиятимизда иккинчи хотинга уйланишни орзу қиладиган, пули сал кўпайиши биланоқ, “мен бемалол икки рўзғорни эплайман, хотинларимга адолат қила оламан!” дегувчи эркакларнинг кўплиги табиий ҳол. Аммо, негадир қиз-жувонлар орасида ҳам иккинчи хотин бўлишга иштиёқманд аёлларнинг кўпайиб бораётгани ажабланарли.
Нега баъзи аёллар иккинчи хотин бўлишни афзал кўрмоқда?
Бу мавзудаги шахсий таърифимиз қуйидагича:
1. Аёлларнинг аксарияти эркин бўлишни, қайнона-қайнотадан алоҳида яшаб, фақат эригагина хизмат қилишни хоҳлайди. Эр ёлғиз ёки кенжа ўғил бўлса, бунинг умуман иложи йўқ. Иккинчи хотинда эса бундай имтиёзлар етарлича.
2. Иккинчи хотин тонгда ҳовли супуриб, нон ёпиш, мол-ҳолга қараш, таппи қуйиш, эрнинг яқинлари, қариндош уруғлари кўнглини олишга ҳам мажбур эмас, сабаби, уларни ойда-йилда бир кўрса – кўради, кўрмаса – йўқ.
3. Ҳозирги эркаклар ўта агрессив, инжиқ ва талабчан. Аёл кишидан кўп нарса кутади. Ҳатто интим ҳаёт борасида ҳам. Бу борада иккинчи хотинлар учун ҳам қулайлик бор. Чунки норасмий эр доим ҳам унинг ёнида бўлмайди. Ўзига қараш, етарлича дам олиш учун вақти етарли.
Иккинчи хотинларнинг арзандалиги ҳақида
Қўшхотинли эркаклар унинг шартларига риоя этяптиларми?
Иккинчи хотини бор эркаклардан бирининг айтишича, аёл киши ёши ўтгандан сўнг эрининг шаръий хизматини қилишга оғриниб қолади.
Ўзбекчилик, битта уйда эр-хотин, бола-чақа истиқомат қилади. Табиийки, бундай ҳолларда аёллар эрларининг шариат ишига доим ҳам кўнавермайдилар. Халқимизда “Эркак киши қирққа кирганда –қирчиллайди”, деган мақол юради. Айни қирчиллама ёшдаги эркаклар совуққон хотин қачон кўнглини овлашини кутиб яшашга мажбур. Бу эса жамиятда қўшхотинликнинг кўпайишига замин яратади.
Муқаддас динимизда ҳар бир масаланинг ўз ҳукми бор. Ҳам жинсий қувват, ҳам маблағ жиҳатидан имкони бор кишиларга, улар ҳаром йўлга юриб кетмасликлари учун, зарурат юзасидан кўпхотинли бўлишга рухсат берилади.
Уламоларимиз Қуръони Каримдаги кўпхотинли бўлиш шартлари, талаблари ҳақида жуда кўп бор чиқиш қиладилар. Ана шулардан бири Ислом оламининг энг нуфузли шахсларидан бири бўлган доктор Закир Найкнинг бу борадаги маърузаларидан парча келтирамиз.
Аброр Мухтор Алий
Асл исми Аброр Абдуазимов бўлган диний блогер Аброр Мухтор Алий ҳам ижтимоий тармоқларда кўпхотинлик борасида жуда кўп чиқишлар қилиб келади. Муҳтарам уламонинг ўзида ҳам бир неча хотин бор. Яқинда ижтимоий тармоқларда унинг хотинларидан бири – Мўминанинг эри томонидан зўравонликка учрагани ҳақида маълумотлар сиздирилди. Жувоннинг Миср давлатида бўлган онаси қизини қўшхотинли зўравоннинг чангалидан қутқаришни сўраб, жамоатчилик ва мутасаддиларга мурожаат қилган. Бу ҳолат турли эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлса-да, қонун доирасида ҳеч қандай натижа келтирмади. Аксинча, мурожаат қилган аёлларнинг ўзлари айбдор бўлиб қолавердилар.
Аслида, қўшхотинлик – уйдаги зўравонликнинг бир кўриниши. Уйдаги гапни кўчага ташимаслик, оилавий сирни ёйиш керак эмаслиги бизда ҳамиша аёлларнинг онгига сингдириб келинади. Шу сабаб кундош балосига учраса ҳам, қўшхотинлик азобини тортса ҳам, ўзбек аёллари оилани муқаддас санаб, яшаб ўтадилар.
   Хулоса
Афсуски, қўшхотинлик борасида жамиятда расмий маълумотлар йўқ. Бироқ норасмий маълумотларга кўра, қўшхотинлик йилдан-йилга кўпаймоқда, аниқроғи, аввалги йилларга нисбатан икки баробарга ошган.

Бизда иккита хотин билан бир том остида яшашга қонуний рухсат берилмаган. Шу сабаб эркаклар иккинчи хотинга уйланганликларини сир тутадилар. Айниқса, оилавий можаролар, хотинининг жанжалларидан зериккан эркаклар иссиққина уйда беминнат ором олишни истайдилар.
Психологларнинг таъкидлашича, оила мустаҳкам бўлиши учун аёл ширинсўз, хушмуомала, оқила ва саранжом-саришта бўлиши, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама идеал бўлиши лозим. Дунёда идеал аёл йўқлигини ҳисобга олсак, ҳар қандай эркакда иккинчи хотин олиш иштиёқи ҳар дақиқада туғилиб қолиши мумкин.

                                                                          Меҳрибон Кайвони