Ўзбекистонга илк бор ноқонуний дрон олиб кирганларни маъмурий жавобгарликка тортиш таклиф этилди

Ўзбекистонга илк бор ноқонуний дрон олиб кирганларни маъмурий жавобгарликка тортиш таклиф этилди

Ўзбекистонга биринчи марта қонунга зид равишда дрон олиб кирган ёки ундан фойдаланганларни маъмурий жавобгарликка тортиш таклиф қилинмоқда. Амалда эса мазкур ҳуқуқбузарлик учун фақат жиноий жавобгарлик — 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Ўзбекистонга илк бор дронларни олиб кирувчилар учун жавобгарликни енгиллаштириш режалаштирилмоқда. Бу жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2023 йилги давлат дастури лойиҳасининг 14-мақсади, 27-бандида қайд этилган.

Унга кўра, Ўзбекистонга биринчи марта учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кирган, ўтказган, олган, сақлаган ёки фойдаланган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши кутилмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, мамлакатда дронни ноқонуний олиб кирган ёки улардан фойдаланган киши 3 йилгача қамалиши мумкин.

Лойиҳада ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун Жиноят кодексига белгиланган санкцияларга муқобил жазо чораларини киритиш ҳам таклиф қилинмоқда.

Дронларни мамлакатга олиб кириш учун Маданият ва туризм вазирлиги, «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси, «Геоинновация маркази» ва ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссиясига рухсат берилган.

Банд ижроси бўйича тегишли қонун лойиҳаси шу йилнинг декабрь ойига қадар ишлаб чиқилиб, қабул қилишини керак. Унинг ижрочилари — Божхона қўмитаси, Бош прокуратура, ДХХ, ИИВ, Олий суд, Адлия вазирлиги ва бошқалар этиб белгиланган. Ижро устидан назорат эса — президент Администрациясига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси 17 февралга қадар давом этади. Унга regulation.gov.uz портали ёки Тараққиёт стратегияси сайти орқали таклиф қолдириш мумкин.