Декретдаги ходим ишга қайтса унинг ўрнидаги ходимнинг «тақдири» қандай бўлади?

Декретдаги ходим ишга қайтса унинг ўрнидаги ходимнинг «тақдири» қандай бўлади?

— Ходим декретга кетса, кейин шу ўринга янги ходим олинса, кейинчалик янги ходим хам декретга кетиб, биринчи декретга кетган ходим ишга чиқди. Энди иккинчи ходимнинг мехнат шартномаси бекор бўладими? Иккинчи ходим билан шартнома тузилган вақтда декрет ўрнига вақтинча деб тузилган. Янги ходимга иш ўрни йўқ таклиф қилиш учун, нима қилса тўғри бўлади?

— Амалдаги меҳнат қонунчилигида, хусусан, Меҳнат кодексида ҳомиладор аёлларга ва бола парваришлаш таътилидаги аёллар учун кўплаб имтиёзлар бор.

Меҳнат кодексининг 234-моддаси 5-қисмига кўра болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши лозим. Бироқ мазкур талаб иш берувчини бола парваришлаш (декрет) таътилидаги ходимнинг иш жойига унинг декрет таътили даврига бошқа ходимни ишга қабул қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.

Лекин унутмаслик керакки, бола парваришлаш таътилида бўлган ходимнинг лавозимига бошқа шахсни ишга қабул қилмоқчи бўлсангиз, у билан меҳнат шартномасини фақат муайян муддатга, яъни лавозим эгаси саналган ходимнинг бола парваришлаш таътили даврига тузасиз.

Меҳнат кодексининг 97-моддаси 3-бандида меҳнат шартномасининг бекор қилиш сабаблари (асослари)дан бири сифатида меҳнат шартномаси муддатининг тугаши билан муносабати билан бекор қилинишига алоҳида урғу берилган.

Меҳнат кодекси 105-моддасига кўра муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади. Мазкур моддада яна бир қоида келтирилган: иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади. Бу айнан Сизнинг вазиятингиз билан боғлиқ қоидадир, яъни бола парваришлаш таътилида бўлган ходим ишга қайтаётганда, унинг ўрнида ишлаётган ходим билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан бекор қилинади.

Фақат бу ерда унутмаслик керак. Меҳнат кодекси 237-моддага асосан, муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.

Бу талабларга кўра, иш берувчи аввал муддати тугаган иккинчи декретдаги аёлни ўзидаги бўш ва мувофиқ келадиган иш ўринларга жойлаштириш чорасини кўрмоғи лозим. Агар ўзида бўш иш жойи бўлмаса, ходим билан шартномани бекор қилиб, туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклишиш марказига ходимни ишга жойлашиши масаласида расмий хат йўллаши керак бўлади. Ва иккинчи қоидага асосан, шартнома бекор қилинганидан кейин 3 ойгача муддатда ходимга иш ҳақи тўлаб бориши зарур. Бошқа жойга ишга жойлашгунча албатта.