Зоминда “давлат хизматлари сайли” ўтказилди

Зоминда “давлат хизматлари сайли” ўтказилди

“Давлат хизматлари сайл”лари республика бўйлаб давом этмоқда. Асосий тадбирлар вилоят марказларидан ташқари, чекка ҳудудларда ташкил этилмоқда.

Сайлда “Ўзимиз келдик” акцияси доирасида аҳолига сайёр давлат хизматларини, яъни заруратга кўра ўша ернинг ўзида кўрсатиш режалаштирилган.  Сайл аввалида баҳорий таомлар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Кенг жамоатчилик вакиллари маҳаллалар томонидан ташкил этилган кўргазмаларни кўздан кечиришди. Таомлардан истеъмол қилиб, йиғилганларни байрам билан муборакбод этдилар.

Шундан сўнг, зоминликларга сайёр хизмат ва сайёр қабул тадбирлари ташкил этилди. Шу куни давлат хизматлари ва ФҲДЁ соҳасига доир 50га яқин мурожаатлар қабул қилинган бўлса, «Ўзимиз келдик» акцияси доирасида 15 нафар фуқарога сайёр хизмат кўрсатилди.

Туман аҳолисини маънавий дам олишига кўмаклашиш мақсадида маданият бўлими ва ёш ижодкорлар томонидан концерт дастури тақдим этилди. Унда ёш хонандалар ўз ижролари билан сайлга янада кўтаринкилик бахш этдилар.

 

Бир сўз билан айтганда, оммавийлик касб этган Давлат хизматлари агентлиги сайлида фуқароларнинг муаммолари ўрганилди. Кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга ташриф буюрилиб уларнинг холидан хабар олинди.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати