Жиззах воҳасининг улгуржи ва аҳоли истеъмолчилари диққатига!

Жиззах воҳасининг улгуржи ва аҳоли истеъмолчилари диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.07.2019 йилдаги ПФ-5761-сонли "Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.09.2020 йилдаги 594-сонли "Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Энергетика вазирлиги томонидан, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖга 2021 йил 1 январдан бошлаб электр энергияси ҳисобини тўлиқ йўлга қўйиш, тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни таъминлаш, тизим орқали аниқланган хатоликларни тезкорлик билан бартараф этиш ишларини тизимли ташкиллаштириш, лойиҳа доирасида ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, белгиланган тадбирларни ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш каби вазифалари юклатилган.
Жиззах вилояти бўйича электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ) босқичма-босқич тўлиқ ишга туширилди.
Авваллари қарздорлиги мавжуд бўлганларнинг хонадонига ходимлар бориб, истеъмолчини электр тармоғидан узиш ва қарздорлик тўланганидан сўнг, қайта тармоққа улаш учун ҳам маълум вақт ҳамда ортиқча маблағ сарфланар эди. Ҳозирда ана шу камчиликларнинг олди олинди.
Одатда, электр энергиясидан фойдаланилади, лекин унинг тўловларига келганда, ишни пайсалга солиш кузатилади. Узатилган электр энергияси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабаб тизимда қатор муаммолар юзага келмоқда.
ЭҲНАТ ҳудудингизда ишга тушгани учун қарздорлиги бор ҳамда олдиндан тўлови мавжуд бўлмаган истеъмолчилар автоматик равишда тармоқдан ажратилмоқда ва бунда инсон омили иштирок этмайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган "Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари"га асосан электр энергиясидан қарздорлик сабабли тармоқдан аввал узиб қўйилган маиший истеъмолчиларни тармоққа қайта улашда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари миқдорида, яъни 490000 сўм, улгуржи шахслардан эса 10 баробари миқдорида, яъни 2450000 сўм тўлов ундирилади.
ҲУРМАТЛИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ!
Фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни мамлакатимизда мавжуд барча тўлов тизимлари (Upay, Click, Payme, Paynet) ҳамда барча банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб ҳозирданоқ амалга оширишингиз мумкин.

"Жиззах ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати