Асаджон Ходжаев Жиззах вилоятидаги ОАВ, ахборот хизматлари ва нашриётлар фаолияти билан яқиндан танишди

Асаджон Ходжаев Жиззах вилоятидаги ОАВ, ахборот хизматлари ва нашриётлар фаолияти билан яқиндан танишди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ва масъул ходимлар хизмат сафари билан бугун Жиззах вилоятига ташриф буюришди.
Агентлик мутасаддилари сафарида режалаштирилган тадбирлар доирасида қатор учрашувлари бўлиб ўтди.
Дастлаб, Жиззах вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев билан учрашуви ўтказилди.

Учрашув доирасида вилоят ҳокими Эргаш Салиев агентлик директори Асаджон Ходжаевга мамлакатимизда, шу баробарда вилоятда амалга оширилаётган ислоҳатларни оммавий ахборот воситаларида ёритилиши борасидаги олиб бораётган ишлар бугун ўз самарасини бераётгани ва бунда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ўрни катта бўлаётганлиги таъкидлаб ўтди.

Ўз ўрнида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев Жиззах вилоятидаги оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари ва блогерларнинг фаолиятини ижобий баҳолаб, бу борада уларга яратилаётган шароитларни ҳам эътироф этиб ўтди.

Учрашув якунида агентлик директори Асаджон Ходжаев Жиззах IT Park филиали фаолияти билан танишиб, бу ердаги ёшларга яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолади. 

Шундан сўнг, агентлик директори Асаджон Ходжаев вилоятдаги маҳаллий ҳокимликлар ташкилот ва бошқармаларнинг ахборот хизмати раҳбарлари билан учрашуви ташкил этилди.

Мазкур маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоят ташкилотлари ва идоралари ахборот хизматлари раҳбарлари билан учрашувда АОКА директори медиа макондаги муаммоли вазиятларга тўғри ечим топишда объектив ва касбий этика нуқтаи назаридан ёндашиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Агентлик томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, идора ва ташкилотлар ахборот хизматлари фаолияти баҳолаб борилади. Учрашувда мазкур рейтингларда паст ўринларни эгаллаган ахборот хизматлари фаолияти танқид қилинди, ҳудудий медиа-режаларнинг ўз вақтида, самарали ижро этилиши лозимлиги қайд этилди.
«Ташкилотингизнинг фаолияти тўғрисида кўпроқ ахборот бериш, янгича усул ва коммуникациялардан фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш лозим. ОАВ ва мустақил журналистлар билан кўпроқ ишланг, уларга яқин бўлинг», деди Агентлик директори.

АОКА раҳбари жиззахлик журналистлар билан ҳам учрашди. Унда бугунги кунда мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.

«Ахборот тарқатиш тезлиги бўйича ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар билан рақобатлашиш қийин. Шу боис бундай ҳолатда фақатгина чуқур таҳлилий материаллар орқалигина ўқувчи эътиборини қозониш мумкин, — дея таъкидлади А.Ходжаев. — Эълон қилинаётган материаллар сифати юқори бўлса, нашр ўқувчилари сафи ҳам кенгаяди».
Шунингдек, АОКА раҳбари вилоятга хизмат сафари давомида вилоятдаги нашриёт-матбаа корхоналари раҳбарлари билан учрашди ва нашриётлар, матбаа корхоналари фаолиятини ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Учрашувлар давом этмоқда.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати