BMB TRADE group Тожикистонда заъфарон плантациялари яратади

BMB TRADE group Тожикистонда заъфарон плантациялари яратади

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда бўлади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Бунда кўп қиррали шерикликнинг янги «ўсиш нуқталари»ни белгилаш ҳамда узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ташриф давомида икки мамлакат компаниялари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга қаратилган мулоқотлар, бизнес форумлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Шу муносабат билан BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов ва компания ҳаммуассиси Мирзамурод Дадажонов ҳам мамлакатимиз расмий делегацияси таркибида Тожикистон Республикасида бўлиб турибди.

Бугун, 9 июнь куни Душанбе шаҳрида BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов ва AVAS Engineering (Тожикистон) Директорлар Кенгаши Раиси Азим Хакимов ўртасида B2B форматида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари яна бир бор муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро дўстлик ҳамда ишончга асосланган икки томонлама ҳамкорлик алоқалари мутлақо янги босқичга чиқди.

Бунда мунтазам ўтказиб келинаётган олий даражадаги учрашувлар муҳим роль ўйнамоқда. Шу асосда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, экспорт-импорт ва бизнес муносабатлари ижобий динамика касб этяпти.

Мураккаб пандемия шароитига қарамай савдо, машинасозлик, энергетика, қазиб олиш саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, транспорт, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани, ҳудудлар ва ишбилармонлар даражасидаги фаол мулоқотлар давом эттирилаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Бинобарин, икки мамлакат компаниялари учун ҳамкорлик истиқболлари ва географияси янгиланиб боряпти.

BMB Trade Group мутахассислари кўмаги ва назорати остида Тожикистонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш ғояси ҳам шундан далолат беради.

Жорий йил 20 май куни икки компания раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган дастлабки мулоқотда шу бўйича дастлабки келишувга эришилган эди.

Бу сафарги учрашувда ҳам Тожикистон компанияси мазкур пилот лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини билдирди.

Хусусан, лойиҳа учун 50 гектар майдон ажратилди. У ерда заъфарон экиш, етиштириш ва экспорт қилишгача бўлган ҳамма босқичлар ҳамда жараёнлар BMB Trade Group компанияси мутахассислари томонидан тўлиқ назорат қилиб борилади.

Якунда шу бўйича шартнома имзоланди, ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида ҳам «йўл хариталари» аниқлаштириб, амалий ишларга киришиш бўйича ўзаро кун тартиби белгиланди.

Маълумот учун, AVAS Engineering корпоратив мижозларга хизмат кўрсатиш, қурилиш индустрияси, логистика каби йўналишларда Тожикистондаги йирик компаниялардан бири ҳисобланади.