Сув жиҳозлари носозлиги сабаб 5 нафар шахслар жарима билан “сийланди”

Сув жиҳозлари носозлиги сабаб 5 нафар шахслар жарима билан “сийланди”

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими ходимлари томонидан жойлардаги сув хўжалиги ташкилотларида ўлчаш воситалари белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида фойдаланилиши бўйича ўрганишлар олиб борилди.

Жумладан, Жиззах вилоят Бош насос станциялари ҳамда Жанубий Мирзачўл магестрал каналидан фойдаланиш бошқармалари ва Сув омборларидан фойдаланиш бошқармасига қарашли Жиззах ва Қоровултепа сув омборлари, Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза ҳузуридаги Туятортар-Қли ирригация тизими бошқармасидаги сув оқими тезлигини ўлчаш воситасилари (гидрометрик вертушка) кўздан кечирилганда, ҳар ўн икки ойда текширувдан ўтказилиши белгиланган ўлчаш воситалари ва синаш ускуналари ўз муддатларида метрологик текширувдан ўтказилмагани маълум бўлди. Масъул шахсларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги сабаб юқоридаги ташкилотларда “Метрология тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида кўрсатиб ўтилган талаблар бузилган. Табиийки, қонунни бузганлар жазоланади. Аниқланган ҳолатлар юзасидан инспекция ходимлари томонидан Маъмурий жавбогарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли бандлари бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 5 нафар масъул шахсларга маъмурий жарималар қўлланилди.

-Жорий йилнинг июн ойига қадар вилоятимиздаги мавжуд қишлоқ ва сув хўжалигига оид ташкилотларда жами 54 та назорат тадбирлари ўтказилди,- дейди Инспекциянинг вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими катта инспектори Дилмурод Зиятов.- Шундан 30 таси текшириш ва 24 таси мониторинг тарзида олиб борилган. Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 38 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишлилиги бўйича 16 та огоҳлантириш ва 18 та ёзма кўрсатмалар берилган.

Шунингдек, 14 та ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 млн 895,5 минг сўмлик жарималар қўлланилиб, бу бўйича мутасадди ташкилотларга 6 та тақдимнома киритилган. 

Бир сўз билан айтганда, барча соҳалар қатори аграр тизимда ҳам ўлчаш воситаларининг созлиги муҳим ҳисобланади. Чунки, ҳар қандай носозлик ўз ортидан кўпгина хатолик ва салбий ҳолатларни эргаштириб келади.   

 

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати