Жиззах вилояти 4-сектор томонидан энг оғир, энг чекка ва энг олис ҳудудларда аҳоли билан ўтказилаётган сайёр қабуллар давом этмоқда. Бугун вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Ишназаров Бахмал туманидаги Узунбулоқ ҚФЙда жойлашган 54- мактабда қишлоқ фуқаролари билан учрашди.
Туман сектор раҳбарлари, вилоят корхона, ташкилот, муассаса ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида ўтган сайёр қабулда аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди.
Сайёр қабулда аҳоли асосан ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминоти, ичимлик суви, иш билан таъминлаш, кредит олиш ва бошқа долзарб масалаларда мурожаат қилди.
– Ички йўлларимиз таъмирталаб бўлиб қолган, – дейди шу қишлоқда яшовчи Р.Назаров. – Ичимлик суви муаммоси ҳам барчага қийинчилик туғдирмоқда. Бу муаммони қишлоқдошларим номидан ўртага ташладим. Масалани қисқа муддатда ҳал этиш учун масъулларга тегишли топшириқ берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди. Ниҳоят, бизни қийнаб келаётган кўп йиллик муаммо бартараф этиладиган бўлди.
Одамлар билан очиқ мулоқотда 15 нафар фуқародан муаммоли 27 мурожаат тушди. 7 мурожаатга жойида тушунтириш берилди. 1 та мурожаат жойида ҳал этилди. Ечими маълум муддат талаб этадиган 19 мурожаат назоратга олинди.
Вилоят давлат солиқ хизмати органларига бириктирилган 4-сектор ҳудудида уйма-уй юриб ўрганишлар, аҳоли билан ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида одамлар дуч келаётган муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят Давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати