Жиззахда кузги бошоқли дон экинларини суғориш давомида 427 та камчилик аниқланди

Жиззахда кузги бошоқли дон экинларини суғориш давомида  427 та камчилик аниқланди

Биламизки, дунёдаги жамики мавжудот ва наботот оламининг тириклиги сувга боғлиқ. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳам оби-ҳаётсиз тасаввур қилиш мушкул. Мавсумдан келиб чиқиб, айни кунларда аграр соҳага мўлжалланган сув ресурслари асосий қисми яъни, 85 % ғаллани суғоришга йўналтирилмоқда.

Шу маънода Жиззах вилоятида 2022 йил ҳосили учун жами 93 минг 500 гектар майдонларда ғалла экиш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозири кунда 75 минг 676 гектар майдонларда (82 %) суғориш ишлари якунланган. Бир кунда ўртача 1 минг 522 гектар ғалла майдони суғорилмоқда. Бунинг учун ҳозирги кунда 47,0 м3/сек олинаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 575-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасида сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда белгиланган қонун қоидаларга риоя этилиши устидан “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан қатьий назорат ўрнатилиб, бу борада қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бинобарин, Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ушбу соҳада жами 4 минг 53 та назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 286 таси текшириш, 3 минг 767 таси мониторинг тарзида олиб борилган.

-Ўтказилган ўрганиш, мониторинг ва текширишлар натижасида жами 1 939 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган, -дейди Инспекциянинг вилоят бошқармаси катта инспектори Искандар Хамидуллаев. –Булар сув ва унинг истеъмоли, сув хўжалиги иншоатлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидалари ҳамда сув олиш тартибини бузиш ва бошқа ҳолатларда ифодаланган хатти-ҳаракатлардир. Ушбу қонунбузилиш ҳолатларининг 697 тасига инспекциянинг туман бўлимлари томонидан 199 млн 825 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилиб, 137 млн 895 минг сўми ихтиёрий равишда ундирилган. Юқоридаги ҳолатлар юзасидан судларга 148 та ва прокуратура органларига 34 та материал юборилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларини бузишда ифодаланган 644 та ҳолатда жами 182 млн 729 минг сўм молиявий санкциялар қўлланилиб, 153 млн 669 минг сўми ихтиёрий ундирилган.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича ҳамда қонунбузилиш ҳолатларини такрорланишининг олдини олиш мақсадида сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида масъулларга 145 та тақдимнома киритилиб, 4 минг 308 та огоҳлантирув хатлари ва 915 та ёзма кўрсатмалар берилган.

Дарвоқе, инспекторлар томонидан аниқланган 1 минг 939 та камчиликларнинг 427 таси 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини суғоришда йўл қўйилган. Шундан, 44 та ҳолатда экин майдонлари кўллатиб суғорилиши оқибатида катта миқдордаги сув исроф бўлган. 24 та ҳолатда сув тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйилган бўлса, 30 та ҳолатда суғориш тадбирларига етарлича сувчилар жалб этилмагани боис даладаги сув қаровсиз ҳолатда қолиб кетган. Қолганларини меъёридан ортиқча сув олиш, ажратилган сувдан бошқа мақсадларда фойдаланиш, рухсат этилмаган жойлардан шартнома тузмасдан сув олиш каби сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузиш сингари камчиликлар ташкил қилади.

 Ўз навбатида, юзага келган ҳолатлар бўйича Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан қонунбузарларга нисбатан 120 та маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 88 та ҳолатда молиявий жарима санкциялари қўлланилди. 8 та ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судларга киритилган.

Ҳозирда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузиш ҳолатлари ҳамда сув танқислиги шароитида сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш юзасидан вилоят ҳамда туманлар сектор раҳбарларига тавсиялар берилиб, бу борадаги назорат тадбирлари давом этмоқда.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати