Жиззах вилояти ҳокимининг вилоят аҳлига янги йил табриги

Жиззах вилояти ҳокимининг вилоят аҳлига янги йил табриги

Азиз ватандошлар!

Қадрли дўстлар!

Бугун оиладаги ёшу қари бир дастурхон атрофида ўтирганлигидан фойдаланиб, барчангизни Янги — 2022 йил билан самимий муборакбод этаман, ҳаммангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга қутбарака тилашдан бахтиёрман.

Вақтни оқар дарёга ўхшатишади шоирларимиз. Бу ўхшатишда ҳақиқат бор, чунки, гўё яқиндагина 2021 йилни кутиб олиб, келажакка умид билан қадам ташлаган эдик.

Мана, азизлар бугун биз вақтнинг азим дарёдек шиддат билан оқиб ўтишига гувоҳ бўлиб турибмиз, янги йилга — ҳаётимизнинг ҳали нотаниш бўлган довонига қадам қўйдик. Айнан шу сонияларда ўтган йилни кузатиб, йил давомида бошимиздан кечирган, ёнатрофимизда бўлиб ўтган ташвишли ва қувончли кунлар, амалга оширган ишларимиз беихтиёр кўз ўнгимизга келади. Соғ-саломат, оиламиз билан биргаликда эски йилни кузатиб, янги йилни кутиб олганимиз, шу кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар келтирамиз.

Мамлакатимиздаги беқиёс ўзгаришларни, хонадонларимиз, маҳалла, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимизнинг қиёфаси тобора обод ва гўзал бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, ўтган йилимизга якун ясар эканмиз, қўлимизни кўксимизга қўйиб, 2021 йил биз учун ҳар томонлама баракали ва файзли бўлди, деб айтишга тўла асосларимиз бор.

Ўтган давр мобайнида ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг амалий натижаси бугун ўзини яққол намоён этиб турибди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. Ўтган 2021 йилда мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи улкан сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Халқимиз бу жараёнда мамлакатимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келаётган жонкуяр ва фидойи, ҳар жиҳатдан муносиб етакчисини сайлаб олди.

Ҳурматли юртдошлар!

2021 йил — "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" вилоятимиз тарихида ўзига хос ютуқлар йили бўлди, десам адашмайман. Бутун дунёни ваҳимада тутиб турган пандемияга қарши курашиш баробарида давлат дастурини амалга оширишга қатъий киришдик. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам ёшлар билан ишлашга жиддий эътибор қаратилди. Ҳар бир шаҳар ва туманларда алоҳида "Ёшлар дастурлари" тасдиқланиб, ушбу дастурлар доирасида ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш йўналишлари устувор вазифалар этиб белгиланди. "Ёшлар дафтари" ташкил этилиб, ҳар бир хонадон хатловдан ўтказилди ҳамда ишсиз, ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлар мазкур дафтарга киритилди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда молиявий манбалари аниқ белгиланган алоҳида ёшлар жамғармалари ташкил этилиб, 16,7 млрд. сўм миқдорида маблағлар шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан "Ёшлар дафтари"даги 9 755 нафар ёшларга 14,8 млрд. сўм миқдорида амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Ишсизлиги аниқланган жами 35828 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, 11822 нафар ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорлик асослари бўйича ўқитилди. "Ёшлар 1+1" дастури асосида тадбиркор ва ҳунармандларга 1120 нафар ёшлар бириктирилди.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади", деган ғояси асосида вилоятимизда мактабгача таълим ва мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим тизимини янада ривожлантиришни олдимиздаги асосий вазифалардан бири этиб белгилаб олдик.

Ўтган 2021 йилда 315 та нодавлат (оилавий) болалар боғчалари ташкил этилиб, 8,8 минг нафар болалар қўшимча қамраб олинди. Мактабгача таълимга қамров даражаси йил бошидаги 65 фоиздан 71,6 фоизга етказилди.

Халқ таълими тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2020 йилда 15,6 фоиз битирувчиларимиз олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган бўлса, 2021 йилда битирувчиларнинг 33,3 фоизи ёки 6 277 нафари олий ўқув юртларига ўқишга киришга муваффақ бўлди.

Вилоятимизда фаолиятини бошлаган Президент мактабига 10 мингдан ортиқ ўқувчиларимиз танловда иштирок этган бўлса, энг иқтидорли 144 нафар ўқувчи хорижий экспертлар томонидан шаффоф тизим асосида саралаб олинди.

2021 йилда вилоятда жами 54 та мактабда Давлат дастури доирасида 178,5 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди ва мактабларда замонавий таълим бериш имкониятлари яратилди.

Шунингдек, вилоятда олий таълим муассасалари сони 3 тадан 5 тага етказилди. Хусусан, 2 та ("Sambhram" университети ва Қозон федерал университети Жиззах филиали) университет ташкил этилди.

Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ҳамда бошқа соҳаларни стратегик ривожлантириш дастурларининг сифатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2021 йилда иқтисодий ўсишнинг барқарор ва юқори суръатларига эришилди.

Йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 7,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 10 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,2 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 4,3 фоизга, жами хизматларнинг эса 29,5 фоиз ўсиши, шунингдек, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14,7 млн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 1,7 млн. сўмга ортиши ҳамда аҳоли реал даромадлар ҳажми 12,5 млн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга ўсаётганлиги фикримизнинг яққол далилидир.

Инвестиция дастурлари доирасида 5 трлн. сўмлик 504 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилиб, фақат ушбу лойиҳаларнинг ўзидан 5 минг нафар янги иш ўринлари яратилди. Албатта, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлида эришилган ютуқлар, вилоятнинг экспорт салоҳиятининг юксалиб бораётгани ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин яқинда ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида қилган Мурожаатномамда бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтган эдим. Сессияда 2022 йилдаги энг муҳим вазифалар ҳам белгилаб олинди.

2022 йилда мисли кўрилмаган даражадаги ишлар амалга оширилишини алоҳида таъкидлашни истардим. Вилоятимиз шаҳар ва туманларида "Янги Ўзбекистон" массивлари бунёд этилади. Бу айни пайтда фаолият кўрсатаётган ва янгидан ташкил этиладиган йирик ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қиладиган минг-минглаб юртдошларимиз барча қулайликларга эга бўлган замонавий уйларда яшайди, дегани. Неча асрлар давомида Ўзбекистон бундай ўзгариш, янгиланиш ва тараққиётни кўрган эмас, десам фикримга қўшиласиз деб ўйлайман.

Қадрли юртдошлар!

Мана шундай шукуҳли дамларда ҳар бир инсон Янги йилни кутиб олиб, юрагида сақлаб келаётган эзгу орзу-умидларининг ушалишини, оиласи, яқинлари, она юрти, халқи тинч-омон бўлишини, кириб келган Янги йил янада хайрли ва баракали бўлишини ният қилади.

Кириб келган 2022 йил 2021 йилга нисбатан кам бўлмай, жўшқин ва самарали бўлишига тўлиқ асосларимиз бор. Зеро, ўтган беш йил мобайнида бунга ҳар томонлама мустаҳкам замин — пойдевор яратилди. Шу билан бирга, кутилаётган турли қийинчилик ва тўсиқларни енгиш учун биз катта тажриба орттирдик.

Улуғвор вазифаларни зиммамизга олар эканмиз, барчангизга куч-қувват, ҳар бир кунингиз мазмунли, қут-баракали бўлишини ва мана шу ҳаяжонли дақиқаларда сиз азизларга энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман!

Янги йилингиз муборак бўлсин, азизлар!

                                    Вилоят ҳокими                             Эргаш САЛИЕВ