Жиззахда сохта диплом тайёрлаб сотаётган шахслар ушланди. Улар орасида мактаб ва касб-ҳунар мактаби директори ҳам бор

Жиззахда сохта диплом тайёрлаб сотаётган шахслар ушланди. Улар орасида мактаб ва касб-ҳунар мактаби директори ҳам бор

Жиззах вилояти Пахтакор туманида сохта диплом тайёрловчи шахслар қўлга олинган. Улар орасида мактаб ва касб-ҳунар мактаби директори ҳам бор. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Пахтакор тумани “Оқбулоқ” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро харидордан 400 АҚШ доллари миқдорида пул олиб, ваъда қилинган дипломни бераётган пайтда далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Тезкор тадбир давомида сотувчи дипломни ўзига олдиндан таниш бўлган Пахтакор туманидаги ўрта умумтаълим мактаби директоридан 300 АҚШ долларига, у эса ўз навбатида шу ҳудуддаги касб-ҳунар мактаби директори ўринбосари вазифасида ишловчи шахсдан 200 АҚШ долларига сотиб олгани маълум бўлган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ишлари давомида Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласида яшовчи шахс қалбаки диплом ва иловаларни тайёрлаб, унга муҳр ва имзолар билан ишлов бергани аниқланган.

Ушбу шахснинг яшаш манзилидан компьютер ва қоғоз чиқариш қурилмаси ҳужжатлаштириб олинган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.