Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари

Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган видео лавҳа кўпчилик қатори бизни ҳам ўйлантириб қўйди. Ўзбек шоу бизнеси примадоннаси Юлдуз Усмонова лўли миллатига мансуб хонадон вакилларининг тўйида хизматда бўлган. Рақсга тушаётган келин – куёв эса ниҳоятда ёш кўранар, уларнинг ҳатто вояга етмаганлигини хатти-ҳаракатларидан сезиш қийин эмас эди.

Хўш бу жараён бугун бизни ташвишга солмаяптими? Бугун мақоламизда эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари ҳақида суҳбатлашамиз.

Янги қурилаётган оиланинг келажаги ота-оналарнинг, шунингдек ёшларнинг ўзини ҳам қизиқтиради. Бундай масъулиятли дамда юзага келаётган оила келажаги қандай бўлишини билиш учун ота-оналар, бўлғуси келин-куёвлар қуйидаги никоҳ олди омилларига эътибор бериши лозим.

Никоҳ олди омиллари: оилавий ҳаётга етуклиги, уларнинг оила қуриш сабаблари, уларнинг оила қуришгунга қадар бир-бирини танишлик муддати шарт-шароитлари, уларнинг бўлғуси ҳаёт ҳақида тасаввурларини киритиш мумкин.

Масалан: никоҳда етуклик деганда оила қурувчи ёшларнинг жисмоний, жинсий, ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий, психоло­гик каби етуклик жиҳатларини аниқлаш мумкин. Психологлар тавсиясига биноан ниҳоятда эрта (16-17 ёшда) ва кеч (28-30 кейин) оила қуриш мақсадга мувофиқ эмас. Ниҳо­ятда эрта ёшда оила қуриш ва иккисини ҳам ёши 17-18 бўлиши, йигитнинг оила бошлиғи сифатида шаклланиишига салбий таъсир қилиши мумкин.

Қиз бола 17, баъзан 16 ёшда ҳам оналик, уй бекалик вазифаларини бажаришга тайёр бўлиши мумкин, аммо 17 ёшдаги йигит ҳали тўлақонли оила бошлиғи вазифасини бажаришга тайёр бўлмайди. Баъзида бу келинни куёвга етарли даражада ҳурмат қилмаслигига сабаб бўлиши мумкин.

Кеч оила қуришни мақсадга мувофиқ эмаслиги ёш улғайган сари (айниқса қизларда) оила қуриш имкониятлари пасаяди, аммо турмуш ўртоғи танлашдаги мезонлар сони кескин ортади. Ҳар бир "номзоддан" турли камчиликлар топилаверади. Бу масалада шошилиш ҳам, кеч қолиш ҳам хатоликларга олиб келиши мумкин. Инсоннинг психологик етуклиги бу ўз олдига эришиши муқаррар бўлган, бунга имкониятлари етарли бўлган мақсадларни қўйиши, турли яшаш шароитларига мослашишидир.

Ёш қизларнинг ҳам эрта (16-17 ёшда) турмушга чиқиши ва уларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги турли салбий ҳолатларга олиб келмоқда.

Бирирнчидан, миллий удумга кўра, кўпинча келинларнинг оиладаги мавқеи паст даражага эга бўлади ва улар кўпроқ ҳар хил оилавий ишларни бажарадилар.

Табиийки 16-17 ёшли қизнинг жисми ҳали бундай оғир ишларни бажаришга тайёр бўлмайди.

Иккинчидан, қизлар бу ёшда маънавий жиҳатдан ҳам оила муносабатларига тайёр бўлмайди.

Учинчидан, ёш турмушга чиққан келинларнинг шу ёшда ҳомиладор бўлиши тос суяклари кичкина бўлганлиги учун хавфлидир.

Республикамизда қизларнинг эрта турмушга чиқиши аҳолининг тез ўсишига таъсир қилибгина қолмай, халқ хўжалигининг жадал ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Чунки 18-25 ёш қизларнинг билим олиши, касб эгаси бўлиши ва меҳнат қилиш учун қулай ёш ҳисобланади.

Тўртинчидари, ўз қадри, ҳуқуқлари ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш тушунчаларини англаб етган, жинсий ва репродуктив маданияти тўла шаклланмаган ёш қизларнинг бирон касб-ҳунар эгалламасдан, билим олмасдан, мутахассисликка эга бўлмасдан оила қуриши уларнинг қайнота, қайнона ва эрларига иқтисодий жиҳатдан қарам ҳолда яшашларига сабаб бўлмоқда.

Айрим оилаларда айнан иқтисодий қарамлик туфайли келинлар ёш боласи билан камситилмоқда, тазйиққа учрамоқда. Шунинг учун қизларнинг бирон ҳунар ёки мутахассисликка эга бўлгандан кейингина турмушга чиқишлари мақсадга мувофиқдир.

Республикамизда 18-29 ёшдаги хотин-қизларнинг кўпчилиги бола туғиш, уларни парваришлаш, туғишгача ва ундан кейинги таътилда ёки бемор фарзандларни парвариш қилиш билан бандлар.

Аҳолининг никоҳдан ўтиш ёши кузатилганда, уларда 24-25 ёшдан бошлаб, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиб, ўзини таъминлай олгандагина никоҳдан ўтиб, фарзандли бўлганлиги маълум бўлди. Бу ҳолат аҳолини тез суръатда ўсишини олдини олиб, аҳоли ўсишини сифатини яхшилайди ва иқтисодий тараққиётга, ёшларнинг интеллектуал ўсишга таъсир кўрсатади.

Бешинчидан бундан ташқари ўсмирлик даврида организмда турли морфологик, физиологик, руҳий ўзгаришлар бошланади ва балоғатга яқинлашган сари улар мужассамлашиб боради. Ёш оналарнинг соғлиги кўпроқ мана шу ёшда ўзгаришларнинг мўтадил кетишига боғлиқ. Акс ҳолда бу ҳолат кейинчалик касалликларниниг оғир кечишига сабаб бўлади.

Ўсмир қизларни ҳам жисмоний, ҳам жинсий балоғатга етишида анчагина салбий нуқсонлар бор, бу эса уларда ўтаётган кўпгина касалликлар физиологик жиҳатдан нимжон бўлган организмда юзага келаётганлигини билдиради.

Юқондагиларни ҳисобга олиб, бизнинг шароитда ёш қизларнинг тўлиқ балоғатга етиши 19-20 ёшларга тўғри келади дейиш мумкин.

Қизларнинг оилавий ҳаётга жисмонан, маънан ва руҳан, репродуктив ва жинсий ҳаёт маданиятига тайёр бўлмаган ҳолда эрта турмушга чиқишлари қуйидаги оқибатларга олиб келмоқда:

  1. Ёш оилалар орасида ажралишларнинг кўпайиши ажралишлар дастлабки беш йил давомида рўй беради;
  2. Туғиш вақтидаги мураккабликлар; туғиш ва ҳомиладорлик ўртасидаги оралиқ муддатининг қисқариши;
  3. Биринчи бор туғаётган ва 20 ёшгача бўлган ёш аёллар ўртасида ўлимнинг кўпайиши.

Бу ҳолатларни таҳлил қилиш учун рақамларга мурожаат қиламиз.

Республикамизда ўтказилган социологик тадқиқотларга кўра 45,1% қизлар 20 ёшгача турмушга чиқишади.

Турмушга чиққан аёлларнинг 37,4% 20 ёшгача фарзанд кўришади. Улардан 20% 20 ёшгача фарзанд кўрса, 15% иккитадан, 1,4% учтадан фарзандли бўлишади.

Ўтган 2021 йилда Жиззах вилоятида оилавий ажримлар сони 1.296 тани ташкил этди. 2020 йилда бу кўрсаткич 1.080 та бўлган. Демак ажримлар сони 216 тага ошганлигини кўришимиз мумкин.

Бу эса ташвишланарли статистика. Шу сабабли ота-оналардан илтимос қилардикки, фарзандларингизни эрта никоҳлаб ўзаро тушунмовчилик асосида оилалар ажралиб кетишига сабаб бўлиб қолманг.

Абдулла Равшанов – Жиззах шаҳар ФҲДЁ бўлими инспектори