Жиззахда Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотираси ёдга олинди (фото)

Жиззахда Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотираси ёдга олинди (фото)

Жорий йилнинг 15 февраль куни Жиззах шаҳридаги Хотира майдонида Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилганлигига 33 йил тўлиши муносабати билан тадбир ўтказилди.

Унда Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотираси ёд этилиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйилди. Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Э.Салиев иштирок этиб сўзга чиқди.

1989 йилнинг 15 февралида совет қўшинларининг охирги гуруҳи Афғонистонни тарк этган эди. Мана 33 йилдирки ўша мудҳиш йилларда ҳалок бўлган бир неча миллат ва элатларнинг навқирон ўғлонлари хотирланади. 1979-1989-йиллар мобайнида Афғонистонда эндигина бош кўтараётган халқаро терроризм ва диний экстремизм кучларининг тажовуз оқимлари минтақада, айниқса, Ўрта Осиё давлатларига ёйилмаслигини таъминлаш мақсадида ўтказилган ҳарбий ҳаракатларда 64 мингдан ошиқ Ўзбекистон ўғлонлари ўз аскарлик бурчини адо этган. Ўша қонли жангларда Улардан 1 522 нафари ҳалок бўлган, 2 500 нафарга яқин аскар ногирон бўлиб қайтган.

Айтиш керакки жасур жангчиларнинг 1956 нафари Жиззах ўғлонлари эди. Элпарвар ўғлонларнинг 35 нафари уруш майдонида мардларча ҳалок бўлди, 186 нафари оғир тан жароҳати олганлиги сабабли Ватанга қайтгач оламдан ўтди, 210 нафари эса саломатлигини йўқотиб, турли хасталиклар орттиришди.

Тарихдан маълумки, она заминнинг тинчлиги йўлида кўксини қалқон қилган ҳар бир инсон ўз халқининг абадий ифтиҳорига айланади, шарафланади. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатидаги амалий ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.

Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” ижросида белгиланган вазифаларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

2019 йилда ҳам Мустақиллик майдонидаги хотира китобларига Афғон урушида қатнашган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузуми ва мустақиллигини ҳимоялашда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг исмлари ҳам зарҳал ҳарфлари билан битилганлиги не-не кўнгилларга таскин бўлганди.

Жумладан, жорий йилда ҳам хар йилги анъанага кўра, ватанпарвар юртдошларимизни қадрлаш, қурбон бўлганларни ёрқин хотираларини мангуликка муҳрлаш юзасидан чора-тадбирлар ижроси олиб борилди. Урушда қатнашган фахрийлар оиласидан хабар олиш, совға-саломлар улашиш, уларнинг саломатлиги учун тиббий кўриклар ташкил этиш каби қатор тиббий, маънавий-маданий ишлар амалга оширилди.

Шундай кунда барчамиз ўз инсоний бурчимизни адо этиб, тинч ва осуда ҳаётимиз учун, мусаффо осмонимиз учун жанг майдонларида жон бериб, урушдан қайтмаганларни эслаймиз, уларнинг порлоқ руҳларини шод этиб, ўчмас хотиралари олдида бош эгамиз.

Шунингдек, бугун орамизда соғ-саломат ҳаёт кечираётган, барчамиз учун ниҳоятда азиз ва қадрли бўлган нуроний отахону онахонларимизга, урушда қатнашган жасур жангчиларга, тинчлигимиз йўлида меҳнат қилган юртдошларимизга қўлимизни кўксимизга қўйиб, таъзим қиламиз.

Бу борада, кўпни кўрган отахон ва онахонларимизнинг улкан ҳаётий тажрибаси ўсиб келаётган ёш авлод учун катта ибрат мактаби эканлиги, шубҳасиз.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати