Арнасойда 4-сектор ишчи гуруҳи кўмагида 64 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди

Арнасойда 4-сектор ишчи гуруҳи кўмагида 64 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди

Арнасой туман давлат солиқ инспекцияси бошқараётган 4-сектор ҳудудидага “Дўстлик” қишлоқ фуқаролар йиғинида 427 хонадонда 2250 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳли бир қатор муаммолар гирдобида анча эътибордан четда қолиб яшаб келмоқда. Ичимлик суви муаммоси, кўчаларнинг қишда лой, ёзда чанг-тупроқлиги, суюлтирилган газни вақтида олиб келиб бермаслик, электр таъминотидаги узилишлар ва бошқа шу каби муаммолар қишлоқ аҳлини анчадан буён қийнаб келаётган эди.

Аҳоли хонадонларига бориш, уларнинг аҳволи билан яқиндан танишиш, юзага келган муаммоларни фақат сайёр қабуллардагина эмас, балки, бошқа учрашувларда ҳам қишлоқ аҳли билан биргаликда жойида, амалий ҳал қилиш муҳим саналади.

Ўтган давр мабойнида мазкур 4-сектор махалларида жами 28 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди. Унда  112 та муаммоли масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилиниб тегишли идора ва ташкилотлар томонидан 79 таси бартараф этилди ва 33 таси дастур асосида йўл хариталарига киритилди.

Маҳаллалардаги Ш.Рашидов, Т.Бердалиев, Сиёб кўчаларига асфальт ётқизилиб, кўчалари таъмирланди.

38 нафар ногирон ва кам таъминланган оилаларга ҳомий ва сектор ёрдамида 11.5 минг сўмлик озиқ-овқат ва бошқа турдаги моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Дўстлик ҚФЙ  Т.Бердалиев кўчасида истиқомат қилувчи  Фурқат Умировга уйма-уй юриш натижасида ногиронлик аравачаси зарурлиги аниқланди. Сектор ёрдамида Ф.Умировга ногиронлик аравачаси олиб  берилди. Бундан ташқари шу қишлоқда  яшовчи Ойбек Кубаевга даволаниш учун сектор ҳомийлигида моддий ёрдам пуллари берилди. Т.Бердалиев кўчасида яшовчи Тамара Турдиевага эса  уй-жойини таъмирлаш мақсадида шифер ва моддий ёрдам пуллари берилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 60 га яқин фуқароларни жамоатчилик аосида ишга жойлаштирилди. 316 нафари мавсумий ишларга жалб этилди. Ичимлик суви борасидаги муаммолар ҳам босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Қишлоқда  2,7 км масофага янги ичимлик суви тармоғи тортилиб, бунинг натижасида  64 та хонадан эгалари ичимлик суви билан таъминландилар. 1,5 км оқар сув зовурлари қазилиб, сув йўли очиб берилди.

Бир сўз билан айтганда сектор ҳудудида муаммоли масалалар юзасидан уйма-уй юрилиб, ўрганишлар  давом этаяпти. Уларни бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

                                               Юнус Исломов,

                                     Арнасой туман ДСИ раҳбари