Қишлоқда бир кун: Қўйтошнинг тошлари нега қўйга ўхшайди?.. (видео+фото)

Қишлоқда бир кун: Қўйтошнинг тошлари нега қўйга ўхшайди?.. (видео+фото)

Қўйтош тоғи Нурота тизмасининг давоми бўлиб, полеозой эрасида вужудга келган. Тоғлар, турли дарахтлар, ўсимликлар, ҳайвонот дунёси билан фусункор. Бу тоғлар юртимизнинг ҳам моддий, ҳам маънавий бойлиги. Қорақуш чўққисида ўтирган виқорли бургутларнинг салобати, хон тоғи чўққисида мудраётган архарнинг мағрур туриши, каклик-булбулларнинг хониши барчаси жуда жозибадор.

«Хон тоғи чўққиси ҳақида ривоятлар юради. Гўё Бобур Мирзо Шайбонийхондан қочиб, бир тўда аскарлари билан шу чўққида жон сақлаган эмиш. Балки шу сабаб хон тоғи чўққиси деб аталгандир. Чўққидаги тошларда қон рангига ўхшаш қизил доғ бор. Балки қизил рангга нисбат берилиб «қон тоғи»деб аталгандир. Чўққига чиқиш йўли битта. Бу йўлни билмаган одам унга чиқа олмайди. Чўққининг очиқ жойларига тош қаланган. Чўққи ҳужум учун ҳам, ҳимоя учун ҳам жуда қулай. Босмачиларнинг Қорақуш ва Хон тоғи чўққиларини кузатув марказлари қилиб олганлари ҳам бежиз эмас», —дейди Қўйтош қишлоғи ҳақидаги «Орзули олам» китобини яқинда нашрдан чиқарган 87 ёшли собиқ ўқитувчи Маҳмуд Шомирзаев.

Дарвоқе, қишлоқнинг Қашқирсой, Чуқурсой, Шариллоқсой, Зарқўтон каби ўзига хос қиёфаларга эга бўлган ажиб сойлари ҳам бор. Хон тоғининг бағрида бир пайтлар каттагина ҳовуз бўлган. Ҳовуз сойларидан оқиб тушаётган булоқ сувлари билан тўлади. Бироқ ҳовуз кўп йиллардан бери тозаланмаган. Шу боис бир томони бузилиб сув чиқиб кетиши оқибатда қуриган. Агар ҳовузни тозалаб, энига ҳам, бўйига ҳам кенгайтирса, мустаҳкам тўғон қурилса, қишда қор, ёмғир суви билан тўлдириб, ёзда одамларнинг томорқаларига навбат билан сув бериб борилса бўлади.

«Баҳорда лола сайлига чиққанлар лолани томири, яъни пиёзи билан суғуриб олади. Туризмни ривожлантириш учун ҳудудда бир нечта ўтовлар ўрнатилиши зарур. Ўтов ёзда салқин, қишда илиқ бўлади», — дейди куюнчаклик билан ҳамсуҳбатимиз.

...Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидан 48 км масофада жойлашган табиати бетакрор Қўйтош қишлоғи ҳақидаги видеолавҳамизда қишлоқнинг тарихи, экологияси, келажаги ҳақидаги ана шундай баҳсга чорлайдиган фикр-мулоҳазалар билан танишишингиз мумкин. 

Қўйтош қишлоғи ҳақидаги ривоятлар сизни бефарқ қолдирмайди. Унинг ер ости ва ер усти бойлигию, имкониятлари ҳақида янада кенгроқ маълумотга эга бўласиз. Айнан ушбу ҳикоямизда Қўйтошнинг тошлари нега қўйга ўхшаши сири маълум бўлади.

Фото: