Жиззахда икки шахс учта бўри боласини сотмоқчи бўлди

Жиззахда икки шахс учта бўри боласини сотмоқчи бўлди

Тармоқларда Баxмал туманида икки нафар шахс учта бўри боласини сотиш бўйича эълон бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Жиззах Экология бошқармаси ходимлари бўри болаларини уларнинг машинасидан топди. Ҳуқуқбузарлар эса жаримага тортилди. Бўри болаларини экологлар парваришламоқда, улар яқин фурсатларда табиат қўйнига қайтарилади.

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида бўри болаларининг сотилиши ҳақида тарқалган хабар юзасидан Экология бошқармасининг Бахмал тумани ИИБ билан суриштирув ўтказди. Бу ҳақда Жиззах вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, Бахмал туманидаги «Ўсмат» ШФЙда истиқомат қилувчи Т.Х.исмли ва Бахмал туманидаги «Новқа» МФЙда яшовчи Ж.М. исмли фуқаро 3 та бўри боласини ушлаб, уларни сотиш учун эълон берган.

Тезкор назорат рейд тадбирида фуқаро Х.Т.нинг автомашинаси юкхонасида 3 та бўри боласи топилган ва ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига МЖтКнинг 90-моддаси, 1-қисмига (ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) асосан жарима қўлланилган.

«Айни вақтда бўри болалари экологлар томонидан парвариш қилинмоқда. Об-ҳавонинг қулай бўлган вақтида уларни ушланган жойига олиб бориб, табиат қўйнига қўйиб юбориш режалаштирилмоқда», — дейилади хабарда.