Жиззах вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасида 11 миллион долларлик шартномалар имзоланди

Жиззах вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасида 11 миллион долларлик шартномалар имзоланди

 2022 йил якунларига қадар инвестиция ва савдо шартномалари қийматини 50 млн. долларга етказиш режа қилинган.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Жиззах билан умумий чегараларга эга бўлиб, нафақат иқтисодий, балки ижтимоий лойиҳалардаги ҳамкорлик учун мақбул шерик бўла олади. Бу ҳақда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев “Oʻzbekiston 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Таъкидланишича, 2021 йил якунлари бўйича Сўғд вилояти билан савдо айланмаси 4,9 млн. долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 4 ойи мобайнида 4 млн. долларга яқин савдо шартномалари амалга оширилган.

Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми якунларига кўра, Жиззах ҳамда Сўғд вилоятлари ўртасида 12 та инвестиция ва савдо шартномалари имзоланган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 11 млн. долларни ташкил этади. 2022 йил якунларига қадар инвестиция ва савдо шартномалари қийматини 50 млн. долларга етказиш режа қилинган.

Шу билан бирга Сўғд ҳамда Жиззах вилоятлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан жорий йилнинг октябрь ойида Жиззах вилоятида Ўзбекистон-Тожикистон катта форумини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Жиззах вилояти 3 та йўналиш бўйича ҳамкорлик таклифларини илгари суради. Булар, аккумуляторлар, ойна ва текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш. Шунингдек, тожикистонлик манфаатдор тадбиркорларнинг маҳсулотлари бўйича ҳам иш олиб борилади.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яқин йилларда Жиззах вилоятида катта автомобиль кластери барпо этилади. Шу билан бирга, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми кўпайтирилади, фармацевтика, озиқ-овқат саноати лойиҳалари амалга оширилади.

Шу маънода Сўғд ҳамда Тожикистоннинг бошқа вилоятлари тадбиркорлари қўшма корхоналар ташкил этиш учун Жиззахга таклиф қилинади.

Сўғд вилояти билан имзоланган битимлар доирасида шу йилнинг 17, 18, 19 июнь кунлари Тожикистонда Жиззах вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилади.

Шунингдек, ўзаро ҳамкорликда ижтимоий дастурлар, спорт мусобақалари, маданий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

­Dizak.uz