РАДДИЯ:КИМ ГАЗЕТА ЎҚИМАЙДИ ЁКИ НОХОЛИСЛИК ЗАМИРИДА ҚАНДАЙ МАҚСАД БОР?

РАДДИЯ:КИМ ГАЗЕТА ЎҚИМАЙДИ ЁКИ НОХОЛИСЛИК ЗАМИРИДА ҚАНДАЙ МАҚСАД БОР?

Жиззах вилоятининг “Жиззах ҳақиқати” газетасининг 2022 йил  22 июндаги 50-сонида “Ёрқин”нинг “ёпиқ” муаммолари” сарлавҳали мақола чоп этилиб, унда Зафаробод туманидаги “Ёрқин” маҳалласидаги муаммолар кўтариб чиқилганди.

Орадан саккиз кун ўтиб, Холниса Раҳмонқулова муаллифлигида худди ўша мақола “Зафарободда унитилган маҳалла бор...” сарлавҳаси остида “Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев диққатига” рукни билан “XXI ASR” газетасида эълон қилинди.

Аслида газеталарда ушбу мақолалар чоп этилиши билан Зафаробод тумани раҳбариятига нафақат “Ёрқин” маҳалласидаги, балки бутун туман ҳудудидаги маҳалла ва қишлоқлардаги муаммоларни ўрганиб чиқиб, уларни “маҳаллабай” иш тизими бўйича бартараф этиш чораларини кўриш топшириғи берилган эди.

Тумандаги муаммолар вилоят ҳокимлигида ўтказилган ижроия идора йиғилишида муҳокама этиб борилди. Аммо Зафаробод туманида вазият ўзгармаганлиги, аҳолига етарли даражада  турмуш шароити яратиб бериш давр талабига жавоб бермаганлиги сабабли сўнгги чора қўлланилди.

Зафаробод тумани ҳокими Нодирбек Ражапов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. 2022 йил 1 август куни халқ депутатлари Зафаробод тумани Кенгаши сессиясида Ўткирбек Рахманов туман ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Сессияда сўзга чиққан вилоят ҳокими Эргаш Салиев туман фаолларига мурожаат қилиб, биринчи навбатда аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш шароитини яхшилаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатларида турган фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни иш билан таъминлаш ҳар бир раҳбарнинг биринчи галдаги вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган Зафаобод туманининг “Ёрқин” маҳалласидаги  камчиликлар бўйича янги туман ҳокими ишчи гуруҳи тузиб жойларда ишлар бошлаб юборилган. Бу ҳақда қўшимча маълумот берилади.

Таҳририятларга фуқаролардан кўплаб мурожаатлар, хатлар келади. Агар шикоят хати бўлса, албатта тегишли ташкилотлар билан боғланиб, ёзилган маълумотлар тўғри ёки нотўғри эканлиги суриштирилади. Агар “XXI ASR” газетаси таҳририяти жамоаси шундай йўл тутганида мақола юзасидан чоралар кўрилаётгани маълум бўларди.

Шунча кўрилган чора-тадбирлар, амалга оширилган ишлардан кейин ҳам “XXI ASR” газетасининг 2022 йил 4 август сонида яна Холниса Раҳмонқулова имзоси билан “Эргаш Солиев газета ўқимайди...ми? Ёки “Аёллар дафтари” хўжакўрсинга жорий этилмаган” сарлавҳали мақола чоп этилибди.

Агар сарлавҳада келтирилган “Эргаш Солиев” деб Жиззах вилоят ҳокими назарда тутилган бўлса, вилоят ҳокимининг насаби Солиев эмас, Салиев. Наҳотки буни республика миқёсида тарқатиладиган “XXI ASR” газетаси таҳририятининг ижодий ходимлари билишмайди?

Қолаверса, вилоят ҳокимининг газета ўқиши ёки ўқимаслигини мақола муаллифи қаёқдан билибди? Бу атайлаб вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзосини беҳурмат қилиш, инсоннинг шахсияти ва нафсониятига тегиш деб баҳоланади.

Агар иккинчи мақолани муаллифнинг ўзи ёзган бўлса ва газета ҳамда ижтимоий тармоқларни ўқиб турганида эди ишни ташкил этолмаган туман ҳокими вилоят ҳокимининг қарори билан лавозимидан озод қилинганини билган бўларди.

Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев матбуотга ижодий ходимларга, ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларига ниҳоятда эътиборли.

Жумладан, вилоят газетаси ходимларига меҳнат қилишлари учун барча шароитларни муассис сифатида яратиб берган. Бугунги кунда “Жиззах ҳақиқати” — “Джизакская правда” газеталари 14 000 нусхада чоп этилмоқда. Журналистлар ҳар бир байрам ва тадбирларда алоҳида эътиборда туради.

2020 йилда Жиззах вилоят телерадиокомпанияси учун янги телестудия қуриб битказилди. Мазкур йирик иншоот зарур техник жиҳозлар, замонавий телевизион студия ва мобиль кўчма телевизион станция билан таъминланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари давлат мукофотларига тавсия этилади, тадбир ва байрамларда вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиқ”лари ва махсус қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Шахсан вилоят ҳокими ҳар ойда журналистлар билан учрашиб, уларнинг фикрларини тинглайди, саволларига жавоб беради.

Хусусан, жорий йилнинг 31 май куни “Янгиланаётган Жиззах журналистлар нигоҳида” халқаро медиатур доирасида 15 дан зиёд халқаро, 20 дан зиёд республика нашрлари мухбирлари учун медиа тур ташкил этилиб, вилоят ҳокими иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Мазкур матбуот анжумани чет эл ва республика нашрлари ҳамда блогерлар томонидан кенг ёритилди.

Вилоят ҳокими матбуот анжуманларида мунтазам мулоқот қилади. Энг муҳими газеталарда чиққан долзарб мақолалар вилоят ҳокимлигида муҳокама этилиб, муносабат билдирилади.

Шундай экан, вилоят ҳокимини газета ўқимайдиганга чиқариш бу калтабинликдан бошқа нарса эмас. Шундай сарлавҳани саҳифага олиб чиққан газетанинг холислигига шубҳа билан қарашга бизда асос бор, деб ҳисоблаймиз.

Хулоса ўрнида тармоқ нашри бўлган “XXI ASR” газетаси ўзининг долзарб мақолалари билан ЎзЛИДЕП партияси аъзоларининг энг муҳим нашри ҳисобланади.

Бироқ газета бош муҳаррири ва жамоасининг мақсади вилоят ҳокимининг номидан фойдаланиб, кўпчиликни эътиборини тортишми, чоп қилган мақоласи замирида Жиззах вилоятида газетани обрўйини кўтариш ёки обунасини яхшилашми, бу ёғи энди бизга қоронғу.

Сабаби “XXI ASR” газетасининг республика бўйича адади 5083 тани ташкил этса шундан, Жиззах вилоятидаги обунаси 416 доналиги маълум бўлди. Барчага маълумки мажбурий обуна қилиш асло мумкин эмас. Хулоса ўзингиздан.