МИБ ходими маст фуқаро томонидан пичоқланди

МИБ ходими маст фуқаро томонидан пичоқланди

Жиззахда алимент пулини ундириш учун борган МИБ ижрочисига тан жароҳати етказилди. Ҳодиса жорий йилнинг 5 август куни Бахмал туманида юз берган.

Туман бўлими ижрочиси «Қутлуғобод» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Калтатой» қишлоғида яшовчи фуқародан шу қишлоқда истиқомат қилувчи собиқ турмуш ўртоғининг бир нафар вояга етмаган фарзанди фойдасига 15 миллион сўм алимент пулларини ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди ижро ҳужжатига асосан 2 нафар ҳамкасблари билан борган.

Хонадон соҳиби маст ҳолатда алимент пулларини бермаслик мақсадида жанжал кўтариб, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан хизмат вазифасини бажараётган мажбурий ижро бюроси ходимининг танасига бир неча маротаба уриб, жароҳат етказган.

Оқибатда жабрланувчи «қорин бўшлиғининг чап ва пастки қисми, кўкрак қафасининг чап биқин соҳаси ҳамда чап елка соҳаларига санчилиб кирган жароҳати» ташхиси билан туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.