Йўл корхонаси давлат божини тўлаб берди

Йўл корхонаси давлат божини тўлаб берди

Солиқ кодексининг 328-моддасида қайси ҳужжатлардан ва қандай асосда давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилган. 

Мамлакатимизда давлат божига оид муносабатлар амалдаги Солиқ кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва давлат божи тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Солиқ кодексининг 328-моддасида қайси ҳужжатлардан ва қандай асосда давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилган.

 Давлат божи нима? 

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, давлат божи – амалга оширилган қатор хизматлар, хусусан, суд томонидан даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларнинг қабул қилиниши, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, қатор ҳужжатларни бериш, шунингдек, махсус ҳуқуқни берганлик учун ундириладиган тўловдир.

Давлат божи қандай тартибда ундирилади? 

Солиқ кодексининг 328-моддаси 2-бандига мувофиқ, иқтисодий судлар томонидан давлат божи қуйидагилардан ундирилади: 

– иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан;

– ташкилотлар ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан; 

– низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан; 

– иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан; 

– иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ҳақидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан. 

Давлат ундируви бўйича Прокуратура бюроси томонидан бир қанча ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жумладан, Жиззах туманлараро  иқтисодий судининг 28.06.2022 йил кунги ижро варақасига асосан қарздор “Жиззах йўл қурилиш таъмир” УК ҳисобидан ундирувчи давлат фойдасига 12.125.319  сўм давлат божи ундириш белгиланган эди. Қарздорга олиб борилган тушунтириш ҳаракатлари натижасида ушбу қарздорлик тўлиқ ундирилди.