Жиззахда 1500 нафар кўнгилли иштирокидаги акцияда атроф чиқиндилардан тозаланди

Жиззахда 1500 нафар кўнгилли иштирокидаги акцияда атроф чиқиндилардан тозаланди

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон экологик партияси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакатимиз миқёсида Бутунжаҳон тозалик кунига бағишланган акция ташкил этди.

Бутунжаҳон тозалик куни -  бу инсоният ўзи яшаб турган ҳудудда тозаликни ўрнатиш ғоясини ифода этади. Бутунжаҳон тозалик куни тарихига назар ташланадиган бўлса, мазкур кун ўзининг оддий бошланиш тарихига эга бўлишига қарамасдан жаҳоннинг қатор мамлакатларида оммалашиб кетди. Ғоя даставвал 2008 йил Эстонияда вужудга келиб, 50 000 нафар кўнгиллилар мамлакатни чиқиндилардан холи этиш мақсадида бирлашганлар.

Бугунги кунга келиб мазкур кун кўнгиллиларнинг бир кун давомида 150 дан ортиқ мамлакатни бир мақсадда бирлаштирувчи йирик ижтимоий ҳаракатига айланди.

Сўнгги  тўрт йил ичида мамлакатимиз ҳам жаҳон ҳамжамияти билан бирга, бир мақсад сари бирлашиб, Бутунжаҳон тозалик кунида (WorldCleanUpDay) фаол иштирок этиб келмоқда.Ўзбекистон мазкур йирик экологик ҳаракатга 2019 йилда қўшилди. Акция ҳар йили сентябрь ойининг учинчи шанба кунида ўтказилади. 

Республика миқёсида ташкил этилган жорий йилги акцияда нафақат давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, балки бизнес – тузилма, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг ҳам фаол иштирок этиши Бутужаҳон тозалик кунининг мамлакатимизда тобора кенг нишонланаётганидан даракдир.

17 сентябрь куни Жиззах вилоятида “Бутунжаҳон тозалик куни” муносабати билан ўтказилган тозалик акцияси кенг миқёсида ўтказилди. Тозалик акциясида Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов, Шароф Рашидов туман ҳокими М.Холбўтаев,  Жиззах вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи в.в.б. Ш.Артиқбоев, Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилоят кенгаши раиси А.Раҳмонқулов, Ш.Рашидов туман ИИБ бошлиғи А.Муратов, ЎзЛиДеп вакиллари, ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари ва жамоалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, тадбиркорлик субъектлари аъзолари, ОТМ талабалари, фаол ёшлар жами 1500 га яқин кўнгиллилар иштирок этди.

Мазкур тадбирнинг асосий қисми Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи Тошкент-Термиз йўналишидаги М-39 катта автомобиль йўли ёқасида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Жиззах шаҳридаги барча маҳалла ҳудудларида, “Истиқлол” болалар истироҳат боғида, Айдар-Арнасой кўллар тизими, Арнасой тумани истироҳат боғида, Бахмал  туман “Хотира хиёбони”да, Ғаллаорол туманида “Сарбозор  жавоҳири” истироҳат боғида, Дўстлик  тумани  истироҳат боғида, Зомин туманидаги “Миллий боғ”да , Зарбдор тумани истироҳат боғида, Зафаробод туманида болалар истироҳат боғида, Мирзачўл тумани “Ёшлар истироҳат боғи”да, Пахтакор тумани “Мўъжиза” истироҳат боғида,  Янгиобод тумани “Янгиобод” истироҳат боғида, Фориш туманидаги “Экобоғ”ларда ўтказилди.

Вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК ва Ободонлаштириш бошқармаларидан жами 20 дона махсус техника жалб этилди. Тадбир давомида ҳудудлар чиқиндилардан тозаланиб, полигонларга олиб бориб жойлаштирилди.