Жиззахда кўчатлар парвариши масъулларга топширилмоқда

Жиззахда кўчатлар парвариши  масъулларга топширилмоқда

Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги "Зайнур-Зебо" МЧЖ миришкорлари  туман ҳудудидан 7 гектар олиб,  "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали дарахт кўчатларини экди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида экилган  кўчатлар етарли парвариш қилингани боис бехато кўкарди. 4 гектар ерга олманинг "Pink ledi" ярим пакана нави, 3 гектар ерга эса гилос дарахт кўчатлари экилди.

Пахтакор туман Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан тадбиркорнинг ўзига бириктирилган ерларда экилган дарахт кўчатларини муҳофаза қилиш, қуриб қолишининг олдини олиш ва турли зараркунандаларга қарши кураш ишларини ўз вақтида олиб  бориш  ташкил қилиш мақсадида бириктириш далолатномаси тузилди.

Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги "Наврўз" МФЙ  ҳудудидаги катта йўл ёқасига экилган дарахтлар йўлга соя-салқинлик бағишламоқда.  Ўтган йиллар давомида экилган кўчатлар айни кунларда кўкка бўй чўзиб,  атрофда гўзал манзара акс этаяпти.

"Жиззахйўлкўкалам" УК томонидан бу ерга 5000 дан зиёд катальпа, қайрағоч, тут ва бошқа мевали кўчатлар экилган эди. Шу ерлик миришкор Умарали ота Жўраев бўш турган ерга беда экиб, атрофни кўкаламзорлаштирди.

Бугун Дўстлик туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан  Дўстлик туман фермерлар уюшмасига мазкур кўчатларни парвариш қилиш мақсадида бириктириб берилди.

Жиззах вилояти Экология бошқармаси

матбуот хизмати