Жиззахда ЙПХ постларида тўхтатилган автомашиналардан топилган 91 мингдан ортиқ пиротехника воситалари олиб қўйилди

Жиззахда ЙПХ постларида тўхтатилган автомашиналардан топилган 91 мингдан ортиқ пиротехника воситалари олиб қўйилди

Жиззахда мутасадди идоралар ходимлари томонидан пиротехника воситаларининг мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, ишлаб чиқариш ва савдосига барҳам бериш ва турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида умумий савдо ҳудудларида қўшма рейдлар, таълим муассасаларида эса “Агар сиз харид қилмасангиз, пиротехника савдоси ўз-ўзидан тўхтайди” мавзусидаги тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.  

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХ бошқармаси ва унинг шаҳар, туман бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 13 та ҳолатда, жумладан уларнинг 8 таси ЙПХ масканларида ҳамда 5 та ҳолат савдо мажмуаларида, жами 91 минг 781 дона пиротехника воситалари савдосига чек қўйилди.  

– Авваллари байрам кунлари жароҳатланган мурожаатчилар кўп бўларди, сўнги 3 ойда бизга бу масалада мурожаат қилганлар бўлмади, –  дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Рустам Субхонқулов. 

Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 22 сентябрдаги “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан пиротехника буюмларини ноқонуний равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, сотиш, улардан фойдаланиш, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки ўтказиш каби қонунбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2501-модда ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1851-модда билан тўлдирилиб, қонунбузарларга нисбатан жазо чоралари кескин кучайтирилди.  Таъкидлаш жоизки, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддаси билан ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 20 бараваригача бўлган миқдорда жарима ҳамда шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса Жиноят кодексининг 2501-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.