Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳи ҳақида нималарни биламиз? Келинг мақола сўнггида ўйин ўйнаймиз

Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳи ҳақида нималарни биламиз? Келинг мақола сўнггида ўйин ўйнаймиз

Жиззах воҳасидаги мазкур зиёратгоҳ Ғаллаорол туманининг Авлиё қишлоғида жойлашган бўлиб, икки бўлакка бўлинган. Зиёратгоҳнинг юқори қисми – кўлбўйи ҳудуди шифобахш ва муқаддас булоқлари, ўзининг гўзал ва мафтункор, ўзига хос гўзал табиати ҳамда бетакрор манзараси билан ҳар қандай кишини ўзига жалб этади. Қадамжони пастки қисми қисмидаги кўҳна масжид ва хилхонаси ҳам эътиборга молик.

Масжид биноси ХIХ асрда жиззахлик ўз даврининг моҳир бинокорлари – уста Комил, уста Қобил, уста Зуҳур ва уста Мирзиёлар томонидан бунёд этилган. У шарқона услубда қад ростлаганлиги билан ҳар қандай зиёратчининг эътиборини тортади. Бинодаги ганчкорлик ишлари ҳам ўта маҳорат билан бажарилган.

Саъд Ибн Ваққос Макка ашрофларидан бирининг ўғли бўлиб, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик ваҳийи келган пайтда Ислом динига киради ва саркардалик хислатларини намойиш қилади.

У ҳижратнинг ўн олтинчи йили Халифа Умар ибн Хаттобнинг Эрон ва Мовароуннаҳрга юборган қўшинига йўл бошчи этиб тайинланади. Ҳозирги Авлиё қишлоғи яқинида бўлиб ўтган жангда яраланиб, синчилоғи узилиб тушади, натижада хонақоҳ ўрнига қони тўкилади. Саркарданинг синчилоғини қишлоқнинг шимол тарафидаги қабристонга кўмилади (бу ерда чоғроқ хонақоҳ бор), табаррук зотнинг қони томган кўл бўйидаги яқин жойда ҳам хонақоҳ барпо қилинган.

Бўлиб ўтган воқеа Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) соғлигига кўп таъсир этмайди, у кейинчалик Арабистонга қайтиб кетиб, узоқ умр кўради. Нуронийлик даврида у давлатманд сифатида умр кечиради. Лекин вафотига яқин йилларда жундан тўқилган чакмонини келтириб беришларини илтимос қилади. Чакмонини келтиришганда: “Мени шу билан кафанланглар, чунки мен бу чакмон билан Бадр жангида мушрикларга қарши жанг қилган эдим. Жаноби Ҳақ ҳузурига ҳам мен шу чакмонимда боришни истайман...” (“Мунжид” ва “Саҳобалар ҳаёти” китобларидан).

Бу ердаги муқаддас булоқни ҳам “Саъд ибн Ваққос булоғи” деб атайдилар. Ҳозирги пайтда бу жойларда гўзал, фусункор манзара касб этган.Жиззах вилоят ҳокимлигининг доимий эътибори туфайли ҳамда саҳоватпеша, қалби тарихий қадриятларга ҳурмат билан лиммо-лим кишиларнинг хайри-эҳсонлари ва саъйи ҳаракатлари эвазига зиёратгоҳнинг бинолари таъмирланган, тартибга келтирилиб, зиёрат маскани ниҳоятда обод қилинган.

Шунингдек, кўлда “муқаддас балиқлар”ни – Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган қорабалиқларни кўриш мумкин.

Зиёратгоҳ ҳудуди 14,2 гектарни ташкил этади.

Энди шу жойгача ўқиб келган бўлсангиз, сиз билан ўйин ўйнаймиз. Яъни Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳидаги хонақох тасвирини тиклашга уринамиз. Бунинг учун сиздан қисқа вақт ичида 28 та шаклни бирлаштиришингиз талаб қилинади. Ушбу тасвирни тиклагча скриншотини ижтимоий тармоқлар орқали бизга юборинг.  Энг қисқа вақт ичида ушбу тасвирларни умумлаштирган иштирокчиларнинг исм-фамилиялари ушбу постда қолдирилади.

Ҳаммага омад тилаймиз!