Фоторепортаж: Жиззахда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни нишонланди

Фоторепортаж: Жиззахда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни нишонланди

Куни кеча Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги ходимлари куни тантаналарида бобо деҳқонларнинг, вилоят аҳлининг меҳнати яна бир бор улуғланди.

Халқимизнинг энг яхши фазилатлари хусусида гап кетганда, ота-боболаримизнинг меҳнаткашлиги ва миришкорлиги, ер илми ҳадисини олганликлари алоҳида эътироф этилиши бежиз эмас.

Айнан қишлоқ хўжалиги соҳасида Жиззахда ўзига хос тажриба мактаби яратилган бўлиб, деҳқончиликнинг муҳим қадрият ва анъаналари асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб сайқалланиб келмоқда.

Бугунги кунда вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилишида ҳаётга татбиқ этилаётган янги-янги ташаббуслар, машаққатли ва шарафли меҳнат мужассамдир.

Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги тармоқлари истиқболини таъминлаш, хусусан, пахта ва ғалладан юқори самарадорликка эришиш борасида сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўйди. Вилоят деҳқонлари ҳам баракали ҳосил етиштириш мақсадида йил бўйи самарали меҳнат қилди.

Хусусан,  2019 йилнинг ўтган даври мобайнида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми 9376,5 млрд. сўмни ёки 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 102,5 фоизни ташкил қилди.

Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажмида деҳқончилик маҳсулотларининг улуши 34,7 фоизни ташкил этди.

Бошқача айтганда, далаларимиздан 43 минг 622 тонна картошка, 296 минг 821 тонна сабзавот, 163 минг 714 тонна полиз, 58 минг 926 тонна мева, 20 минг 234 тонна узум йиғиштириб олинди.

Вилоят бўйича давлат эҳтиёжлари учун дон сотиш шартномада белгиланган режадаги 257 минг 600 тонна ўрнига 328 минг 495 тонна ёки давлат буюртмаси 118,2 фоизга бажарилди. Бу ўтган йилга нисбатан  68 минг 206 тонна кўп демакдир.

Ўз навбатида ризқ-рўзимиз манбаи бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи уста бободеҳқонларимизга юксак ҳурмат кўрсатиш, ҳамиша сидқидилдан қилинган меҳнатларини эъзозлаш халқимизнинг энг эзгу фазилатлари сирасига киради.

Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда қишлоқ хўжалиги ходимларининг меҳнати яна бир бор эътироф этилди. Вилоят ҳокими Э.Салиев барча қишлоқ хўжалиги ходимларини байрам билан қутлади.

-“Бугун Сиз билан ҳосил йили сарҳисоб қилиниб, келгуси йилга мустаҳкам амалий қадамлар қўйиладиган масъулиятли дамларда юз кўришиб турган эканмиз, юртимизда доим тўкинлик бўлсин, элимизнинг ризқи бутун, эзгу ниятлари, бошлаган барча ишлари хайрли бўлсин, деб ният қиламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор касб байрамларингиз билан қутлар эканман, хирмонингизга барака берсин, дейман. Қўлингизга тупроқ олсангиз, зарга айлансин. Ерга берган меҳрингиз доим самарали бўлиб, ҳосил хирмонларингиз бугунгидан ҳам юксак бўлаверсин”-деб ўз сўзига якун ясади вилоят ҳокими.

Санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури ҳосил байрами қатнашчиларига завқ-шавқ улашди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати