2 июнь куни Зомин тумани ҳокимлиги мажлислар залида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги халқ қабулхонаси мудири Б.Узоқов, Зомин тумани ҳокими А.Абдуғаниев, сектор раҳбарлари, ташкилот ва идора вакиллари ҳамда туман фаоллар иштирок этишди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги халқ қабулхонаси мудири Б.Узоқов сўзга чиқиб Жиззах вилояти ҳамда шаҳар ва туманлардаги халқ қабулхоналари фаолиятига тўхталиб ўтди ва бугунги кунга қадар Зомин тумани халқ қабулхонаси мудири лавозимида фаолият олиб борган Б.Бойбўтаевнинг нафақага чиққанлиги муносабати ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилганлигини ўқиб эшиттирди.
Маълумот ўрнида, Б.Бойбўтаев 2017 йил 1 июльдан буён Зомин тумани халқ қабулхонаси мудири бўлиб ишлаб келаётган эди.
Шундан сўнг, Президент администрациясининг тегишли фармойишига асосан Зомин тумани халқ қабулхонасининг мудири этиб тайинланган Файзиева Нодира Рахимовна барчага таништирилди.
Файзиева Нодира Зомин туманида туғилган. 1989 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг ҳуқуқшунослик йўналишини тамомлаган. Узоқ йиллар давомида суд, прокуратура соҳасида ишлаган. Зомин тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида ҳам фаолият олиб борган.
Н.Файзиева Ўзбекистон Республикаси Президентининг Зомин туманидаги халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинлангунига қадар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Зомин тумани бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.
Зомин тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати