Фориш туманида 150 нафар ўринлик замонавий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди

Фориш туманида 150 нафар ўринлик замонавий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди

Мамлакатимиз бу йил давлат мустақиллигини қўлга киритганига 29 йил бўлади. Бу – жафокаш халқимиз ҳаётида улкан воқеа.

Бу – миллионлаб юртдошларимиз қалбидаги энг муқаддас орзунинг рўёбга чиқиши, бу бир пайтлар ҳуррият учун курашиб, Ватан озодлиги юракларида армон бўлиб қолган не-не эрксевар аждодларимиз, ота-боболаримиз кутган қутлуғ кун.
Мустақиллик шарофати билан мамлакатимиз иқтисодий қудратининг асосий манбаи бўлган тадбиркорлик ривожланмоқда, халқимиз хусусий мулкка эга бўлиш ҳуқуқини қўлга киритди. Туманимизда ҳам мустақиллигимиз боис кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борада “Обод қишлоқ”, “Илғор ҳудуд” лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Мамлакатимизда давлат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Сен – қудрат манбаисан, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилмоқда. Туман марказида мустақиллигимиз арафасида “Илғор ҳудуд” лойиҳаси доирасида бунёд этилаётган маданий, маиший ва ижтимоий соҳа объектлари тантанали равишда фойдаланишга топширилмоқда.
Туман марказидаги “Боғдон” маҳалласи Боғдон кўчасида давлат хусусий шерикчилик асосида бунёд этилган икки қаватли “Ҳадича бону” мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Абдивали Мустанов мустақиллигимиз шарофати билан туманда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг алвон лента қирқилиб, тадбир иштирокчилари бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.
Давлат хусусий шерикчилик асосида бунёд этилган мазкур мактабгача таълим муассасаси 150 нафар ўғил-қизларни ўз бағрига олади. Бу ерда таълим-тарбия ишлари юқори савияда олиб борилади. Келажагимиз эгаларининг етук, баркамол инсонлар бўлиб улғайиши учун бу масканда барча шарт-шароитлар яратилган.

Фориш туман ҳокимлиги Ахборот хизмати