Жиззахдаги аварияда йўл четида савдо қилаётган 10 ёшли бола жароҳатланди

Жиззахдаги аварияда йўл четида савдо қилаётган 10 ёшли бола жароҳатланди

Жиззах шаҳри «Мирзо Улуғбек» маҳалласи ҳудудидаги Тошкент кўчасида Nexia ҳайдовчиси ўзидан олдинда қайрилиб олаётган бошқа бир Nexia’ни уриб юборган. Бу ҳақда ЙҲХББ ахборот хизмати хабар қилди.

2002 йилда туғилган ҳайдовчи ўзидан олдинда чапга қайрилаётган 1966 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Nexia’ни қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиққан ва машиналар тўқнашган. Оқибатда йўл четида савдо қилаётган 10 ёшли болага жароҳат етган.

2010 йилда туғилган жабрланувчи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Август ойида Nexia иштирокидаги авариялар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида содир бўлган. Хусусан, 15 августда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида Nexia ҳайдовчиси велосипедчини уриб кетиши оқибатида жабрланувчи воқеа жойида вафот этган, 18 август куни Наманган вилояти Поп туманида «ЗИЛ» ва Nexia автомашиналари иштирокида ЙТҲда енгил машина ҳайдовчиси 34 ёшли Ш.А. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида ҳалок бўлган, 19 август куни Қашқадарё вилоятида Nexia ва юк машинаси ўртасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида уч киши (Nexia ҳайдовчиси 33 ёшли Б.Э. ҳамда ундаги йўловчилар — 67 ёшли Б.Х. ва 1 яшар А.Н.) ҳаётдан кўз юмган.