Мустақиллик байрами муносабати билан вилоят ҳокимининг табриги

Мустақиллик байрами муносабати билан вилоят ҳокимининг табриги

Ассалому алайкум, азиз дўстлар, қадрли юртдошлар!

Авваламбор, бугунги қувончли айёмда бутун вилоятимиз аҳлини Ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди.

Айниқса, сўнгги тўрт йил мобайнида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга очилиши учун барча шароитларни яратмоқда. Жаҳон ҳам ўз ўрнида, Ўзбекистонга юз тутмоқда.

Айни кунларда бир ҳақиқатни катта ғурур ва ифтихор билан айтиш жоизки, мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовли кунларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, барча қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтмоқда.

Ҳаёт давом этади, бугун биз олға интилишимиз, барчамиз ижтимоий масофани сақлаган ҳолда санитария-гигиена талабларига риоя қилиб, яшашимиз ва ишлашимиз керак.

Шу ўринда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Темир интизом" ҳаммамиз учун энг биринчи масала бўлиб қолиши керак. Корхоналар, ташкилотлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси ва қурилиш майдонлари, транспорт ва жамоат жойларида ҳам ушбу талабларга қатъий амал қилиш зарур" деган сўзларига амал қилишмиз лозим.

Азиз вилоятимиз аҳли, ҳурматли юртдошлар!

Бу йил юртимизда Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги "Сен қудрат манбаи, саодат маскани, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ!" деган шиор асосида нишонланмоқда.

Истиқлолнинг ўтган йиллари давомида эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, республикамизнинг барча ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам мислсиз ўзгаришларга гувоҳ бўламиз.

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг тамомила янгича қиёфа касб этаётган Жиззах вилоятида бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Жумладан, воҳамиз ҳудудларини замонавий қиёфага келтириш асносида ўрта ва йирик шаҳарларни ривожлантириш ҳамда урбанизация жараёнларини жаҳон андозаларига мувофиқ ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, қишлоқ жойларида 11 та 4 қаватли 264 хонадонли, Жиззах шаҳрида 6 та 7 қаватли 230 хонадонли уй-жойлар барпо этилмоқда.

Шунингдек, шаҳримизнинг Олмазор маҳалласида замонавий меъморчиликнинг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган 4 та 16 қаватли 320 оилага мўлжалланган уйлар қурилаяпти.

Хусусий тадбиркорларимиз томонидан эса 4 ва 7 қаватли 71 та турар жой масканлари қад ростламоқда. Шу билан бирга Иқтисодиёт ва аҳолини зарур инфратузилма билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Инвестиция дастури доирасида ушбу мақсад учун 516,8 миллиард сўм ажратилди. Айни пайтда 16 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 18 та мактаб17 та мактабгача таълим ташкилоти каби 109 та иношоотлар қурилишига 319,2 млрд. сўм молиялаштирилди.

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси орқали мазкур иншоотлар учун 233 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Шунинг ҳисобига 7 та мактаб2 та мактабгача таълим ташкилоти13 та ирригация ва мелиорация, 117 та йўл2 та ичимлик сув тармоқларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунга қадар ҳудудларда 110 км. ичимлик сув, 60 км. оқава сув тармоқларида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди, 1043 км. электр тармоқлари, 209 та трансформатор мукаммал таъмирланди. 3 км. газ тармоқлари, 23 та газ тақсимлаш пунктлари, 86 км. йўллар таъмирдан чиқарилди.

Вилоятимиз марказидаги Мустақиллик майдони жорий йилда тўлиқ таъмирланиб, янгича қиёфа касб этди. Мазкур майдонда Истиқлолимиз рамзи бўлган олтмиш метр баландликдаги Давлат байроғи қад ростлади.

Бу ердаги вилоят ҳокимлигига қарашли олти қаватли бино қайтадан таъмирланиб, айни пайтда фойдаланиш учун тайёр ҳолга келтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Жиззах шаҳрида қиймати 13 млрд. сўмлик замонавий кўринишдаги 240 ўринли вилоят қўғирчоқ театри қуриб битказилди. Унинг рўпарасидаги Ҳамид Олимжон ёдгорлик мажмуаси атрофида катта ободончилик ишлари амалга оширилди. 

Жиззах шаҳрида "Сангзоркўл" мажмуаси кейинги йилларда эътибордан четда қолганлиги барчамизга яхши маълум. Бугунги кунда бу ерда Марказий Осиёда ягона "Велотрек"нинг ВМХ йўналиши учун спорт мажмуаси бунёд этилмоқда.

Халқаро Олимпия қўмитаси ташаббуси билан 2008 йилда Пекинда ўтказилган ёзги олимпия ўйинлари таркибига киритилган велоспортнинг ВМХ йўналиши республикамизда ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Келажакда вилоятимизда ушбу спорт тури  бўйича йирик нуфузли халқаро мусобақалар ўтказилишига ишончим комил.

Вилоятимиз ҳудудида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари меҳрибон ва олижаноб халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётганлиги барчамизни қувонтиради.

Қадрли дўстлар!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2020 йил юртимизда "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб эълон қилинди.

Жорий йилда Давлат дастури асосида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз лозим. Рақамли иқтисодиёт йилида "IT" соҳаси бизнеснинг алоҳида йўналишига айланиши керак.

Жиззах шаҳрида ушбу мақсадга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 5,3 млрд. сўм сарфланиб, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Жиззах вилояти ҳудудий филиалини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Бу ерда Коворкинг маркази, 46 ўринли конференция зали, кутубхона, бизнес инкубатор, робототехника лабораторияси, медиа марказ, киберспорт ва инновацион ўқув хоналари фаолияти йўлга қўйилади. IT-академия ташкил этилиб, 32 нафар тингловчига мўлжалланган 2 та замонавий ўқув хонасида йил мобайнида 500 нафар тингловчини ўқитиш имконияти яратилади.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан умумий қиймати 2 трлн.сўм бўлган 175 та лойиҳа ишга туширилди. Ушбу лойиҳалар кесимида  2 562 та янги иш ўринлари яратилди.

Йил якунига қадар яна 289 та лойиҳаларни рўёбга чиқариш ҳисобига 5 минг 720 та янги иш ўринлари, 1,2 трлн. сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилади, 115 млн. доллар экспорт қилиш имкониятига эга 24 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига эришилади.

Дастурларни шакллантиришда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жорий йилда умумий қиймати 1,3 млрд. доллар, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 1,2 млрд. доллар бўлган 15 та лойиҳа бўйича 302,5 млн. доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг шу даврига қадар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича 134,7 млн. доллар прогноз белгиланган бўлиб, амалда 157,4 млн. доллар ўзлаштирилди. Бу борадаги белгиланган режа 117 фоизга бажарилди.

Хусусан, Зафаробод туманидаги "Huaxin Cement Jizzakh" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хусусий корхона томонидан 150,0 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 1,2 млн. тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 300 та янги иш ўринлари яратилди. Зомин туманидаги "Jizzakh organik" масъулияти чекланган жамияти томонидан эса умумий қиймати 100 млн. доллар миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 5400 гектар майдонда 11 минг бош зотли қорамолларни парваришлаш орқали чорвачилик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўлга қўйилади. Бунинг натижасида 1000 нафар янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

"Жиззах" эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги "ADM Jizzakh" масъулияти чекланган жамияти томонидан "Енгил автомобиллар ишлаб чиқариш" инвестиция  лойиҳаси доирасида "Renault", "KIA", "Лада" ҳамда "Jizzax Avto" базасида Volkswagen Caddy енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 1500 га яқин янги иш ўринлари яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан вилоятда 12 та кичик саноат зоналари ташкил этилган. Мазкур кичик саноат зоналарида умумий қиймати 767,6 млрд. сўмга тенг бўлган 67 та лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 1656 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Бугунгача кичик саноат зоналарида умумий қиймати 215,8 млрд.сўмлик инвестициялар жалб қилиниб, 38 та лойиҳа ишга туширилди. Шунинг ҳисобидан 568 та янги иш ўринлари яратилди.

Ҳурматли юртдошлар!

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланган. Бу йўналишда кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бир ҳақиқатни аниқ англаб етишимиз керак. Камбағалликни қисқартириш учун аввало ишсизликни камайтириш керак. Қолаверса, аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорликка иштиёқни уйғотиш зарур.

Шу ўринда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак" деган фикрларини алоҳида таъкидлаб ўтмоғим лозимдир. 

Вилоятда камбағалликни қисқартириш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатлари, маҳалла фаоллари иштирокида барча фуқаролар йиғинларида хатлов ўтказилиб, сессияларда муҳокама қилинди.

Хатлов жараёнида 295 маҳаллада 16 минг 677 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, якка-ёлғиз, карантин даврида даромад манбаидан маҳрум бўлган оилаларда 74 минг 335 нафар эҳтиёжманд аҳоли яшаётганлиги, уларда 19 минг 801 нафар ишсизлар мавжудлиги аниқланди.

Ҳудудларда "Темир дафтар"га киритилган 16 минг 677 та оилаларнинг даромадини ошириш мақсадида 52 та сектор кесимида эҳтиёжмандларни вилоят ҳокимининг ўринбосарлари  раҳбарлик қилувчи йўналишлар бўйича бандлигини таъминлаш юзасидан манзилли рўйхати шакллантирилди. Бугунги кунга келиб, 17 минг 337 нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланди.

Мақсадимиз одамларнинг меҳнат қилиб бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитларни яратишдир.

Азизлар!

Энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақилликнинг 29 йиллиги кенг нишонланаётган бугунги кунда вилоятимиз аҳлининг истиқлолни мустаҳкамлаш ва ислоҳотларни ривожлантиришдаги фидокорона меҳнатларига Президентимиз томонидан муносиб баҳо берилаётганлиги барчамизга катта ғурур, ифтихор бағишлайди.

Давлатимиз раҳбарининг матбуотда эълон қилинган фармонига мувофиқ вилоятимизнинг бир гуруҳ пешқадам вакиллари мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар.

Улар орасида «Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамиятининг цех бошлиғи Холдор Холматов, Зомин тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш бўйича ўринбосари Ҳайдар Абдураҳмонов, Жиззах шаҳридаги «Мерос» кўп тармоқли хусусий корхонаси раҳбари Исроил Мамасолиев, Зомин тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Улуғбек Бўронов, Зафаробод туманидаги «Боғ боши» фермер хўжалиги бошлиғи Сагадат Ҳалимова, Бахмал туманидаги «Олис тоғлар» фермер хўжалиги бошлиғи Маҳатов Муродулло, Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акрам Раҳмонқулов, Пахтакор тумани 100 ёшдан ошган онахон Сулувой Холмирзаева, Мирзачўл туманидаги «Мирзачўл текс» МЧЖ раҳбари Абдулазиз Аҳмадалиев, Бахмал туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, каштачилик сўзана устаси Муҳайё Баратова, Фориш тумани ҳокими Абдивалижон Мустанов, Мирзачўл туманидаги «Мирзачўл тикувчилик мажмуаси» МЧЖ раҳбари Сирожиддин Назаров, «Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамиятининг цех устаси, Мақсуд Оқилов, Зарбдор туманидаги «Ютуқ майдони» фермер хўжалиги бошлиғи Олимжон Тоштемиров, Ғаллаорол туманидаги 15-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Нарзулла Завадинов, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг педиатр шифокори Раҳбар Каримова, вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош шифокорининг биринчи ўринбосари Миннигул  Муҳиддинова ҳамда "Жиззах ҳақиқати"—"Джизакская правда" газеталарининг бўлим муҳаррири Васил Илёсовлар тақдирланишди.

Уларни юксак давлат мукофотлари билан самимий муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятларига муваффақиятлар тилаймиз!

Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимизни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман.

Барча пок ниятларимиз ижобат бўлишини, Яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрашини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари янада зиёда бўлишини сўраб қоламан.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМИЗ ОМОН БЎЛСИН!

Вилоят ҳокими                            Эргаш Салиев