Ғаллаорол туманидаги вилоят ҳокимининг сайёр қабулида 8 та масала жойида ҳал бўлди

Ғаллаорол туманидаги вилоят ҳокимининг сайёр қабулида 8 та масала жойида ҳал бўлди

Ғаллоарол тумани, "Ғофур Ғулом" маҳалласида жойлашган “Марказий ўйингоҳида вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди.

Бугунги кунда фуқароларнинг дарду-ташвишини эшитиш, турли-хил муаммоли масалаларга қонуний ечим топиш, шунингдек уларга ҳар томонлама кўмаклашиб, ҳар бир шахснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат органлари ва ташкилотларининг энг устивор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Президентимиз томонидан одамларнинг мурожаатларига қулоқ тутиш ҳар бир мутасадди раҳбарнинг олдида турган энг муҳим вазифалардан бири сифатида қўйилаётганида чуқур маъно ва халқнинг турмушини яхшилашга қаратилган эзгу мақсад мужассам эканлиги оммавий сайёр қабуллар давомида ўз ифодасини топмоқда.

Хусусан, Ғаллаорол туманида ўтказилган сайёр қабул ҳам аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга қаратилди.

Мазкур оммавий қабулда жами 40 нафардан зиёд фуқаро турли масалалар бўйича мурожаат этди. Аҳоли томонидан қилинган 46 та мурожаатларнинг 8 таси жойида ҳал этилган бўлса, қолганлари тегишли вилоят, туман ва ташкилот раҳбарларига ижроси қонун доирасида ўрганиб ижобий ҳал этиш топшириғи берилди.

- Мен бугун туманимизда вилоят ҳокими Эргаш Салиев томонидан ўтказилаётган сайёр қабулга уйимда тикувчилик билан шуғулланиш учун тикув машинкаси сўраб мурожаат қилгандим,- дейди фуқаро Раббимова Маъмура.- Қилган мурожаатим жойида ҳал этилиб менга замонавий тикув машинкаси совға қилинди.

Сайёр қабулда моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, ободонлаштириш ва йўлларни таъмирлаш, газ, электр, таъминоти бўйича мурожаатлар бўлди. Мазкур мурожаатлар ижроси тегишли идораларга топширилиб, назоратга олинди.

Шунингдек, сайёр қабулда вилоят ҳокими Эргаш Салиев Ғаллаорол туманида нуронийларга мустақилликни 29 йиллиги муносабати билан берилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанавор тарзда топширди. 

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати