Зомин тумани ҳокимлик вакилларини тамагирликда айблаган фуқаро, айбномасига нисбатан бирор изоҳ келтира олмади

Зомин тумани ҳокимлик вакилларини тамагирликда айблаган фуқаро, айбномасига нисбатан бирор изоҳ келтира олмади

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Зомин тумани “Ш.Рашидов” МФЙда яшовчи, биринчи гуруҳ ногирони Дилноза Маматқулованинг мурожаати эълон қилинди.

Д.Маматқулова ўз мурожаатида ҳокимликнинг бир нечта ходимларини таъмагирликда айблаб, уларни ўз лавозимига нолойиқ, дея фикр билдирган.

16 сентябрь куни туман ҳокимлиги Ахборот хизмати вакиллари “Ш.Рашидов” МФЙ раиси М.Хонтурсунов хамроҳлигида Д.Маматқулованинг “Оқ тепа” МФЙда жойлашган ота-онасининг хонадонида бўлишди.

Аввало, туман фуқаролари ва ўқувчиларга бир муҳим жиҳатни эслатиб ўтмоқчимиз. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бирор бир фуқарога нисбатан ҳуқуқий чора қўллай оладиган ваколатли орган ҳисобланмайди. Шу нуқтаи-назардан, хонадонга ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад фуқаро Д.Маматқулованинг мурожаатида келтирилган порахўрлик ёки туҳмат ҳолати бўйича тергов-суруштирув ҳаракатлари ўтказиш эмас, очиқлик, шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда ҳолатни кенг жамоатчиликка етказишдир.

Афсуски, фуқаро Д.Маматқулова билан учрашганимизда, мурожаатида келтирилган важларнинг барчаси қуруқ гапдан бошқа нарса эмаслигига амин бўлик.

Хусусан, фуқаро Д.Маматқулова яшаб турган хонадонини том қисмини ёпишга ёрдам сўраб 2018 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаат қилганини ва ушбу мурожаати бўйича Зомин тумани ҳокимлиги унга 60 дона шифер бериши кераклигини, амалда эса 40 дона шифер берганлигини маълум қилди.

– Туман ҳокими томонидан берилган 60 дона шифер менга келгунча 40 донага айланди. Яна 20 дона шиферни ўша ўртадагилар еб кетишди, – дея фикр билдирди Д.Маматқулова.

Кейинчалик, ўрганишлар давомида ҳолат Д.Маматқулова айтганидек эмаслиги маълум бўлди. Яъни, 2018 йилда фуқаро Д.Маматқулованинг мурожаати бўйича ҳокимликнинг тегишли вакиллари унинг қурилиши тугалланмаган уйини кўздан кечиришади ва сарф этиладиган қурилиш маҳсулотлари ҳажми ҳисоблаб чиқилади. Шундан сўнг, Д.Маматқуловага 40 дона шифер етказиб берилади. Етказилган қурилиш маҳсулоти бўйича Д.Маматқулова ўз қўли билан билдириш хати  ҳам ёзиб беради.

 

Бундан ташқари, Д.Маматқулова Жиззах вилояти ҳокимининг 2019 йил 27 апрелда Зомин туманида бўлиб ўтган сайёр қабулида иштирок этиб, вилоят ҳокимидан “Ш.Рашидов” МФЙдаги яшаб турган уй-жойининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам сўраган. Д.Маматқулованинг ушбу мурожаати ҳам қаноатлантирилиб, Зомин тумани кадастр бошқармаси мутахассислари томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб берилган.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасига асосан туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса Жиноят кодексига мувофиқ – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишини эслатиб ўтамиз.

Зомин тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати