Раддия: Ҳар бир мурожаат эътиборда

Раддия: Ҳар бир мурожаат эътиборда

Ижтимоий тармоқларда «Худонинг амри билан турган симёғочлар қачон таъмирланади?» - деган мазмундаги мурожаат эълон қилинган эди.

Ушбу мурожаат «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти бош директори, Ғаллаорол ТЭТК бошлиғи ҳамда бошқа масъул ходимлар томонидан жорий йилнинг 21- сентябрь куни ўрганиб чиқилди.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661-сонли «2017-2021 йилларда паст кучланишли тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан вилоят бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлардан асосий мақсад истеъмолчиларни, қолаверса инсонларнинг электр энергияси билан боғлиқ муаммоларини камайтириш.

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» - дейди Президентимиз.

Мурожаатлар қандай бўлмасин муаммолигича қолиб кетмаслиги, ўз вақтида ечим топилиб ҳал бўлиши кераклиги, бу эса халқимиз фаровонлигининг асосини ташкил қилишини ҳар биримиз чуқур англаб етмоқдамиз.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг 2020 йил IV-чорак дастурига Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани, «Қипчоқсув» ҚФЙ, Ширинбулоқ қишлоғи аҳоли хонадонларини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 0,4 кВли ҳаво тармоқлари учун 20 дона темир-бетон таянчлар ўрнатиш, 1000 метр замонавий СИП русумли изоляцион кабелли ҳаво тармоғини тортиш ишлари киритилган.

Эскирган, яроқсиз ҳолга келган ёғоч таянчлар ва симлар ўрнига янги ҳаво тармоғи қурилади. Албатта бундан аҳоли хонадонларини сифатли электр энергия билан таъминлашга эришилади.

Ишончингиз комил бўлсинки, бу ишлар жорий йилнинг IV-чорагида, яъни ўз вақтида амалга оширилади.

 

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати