Бахмал тумани нега “қониқарсиз” баҳо олди?

Бахмал тумани нега “қониқарсиз” баҳо олди?

 Тўғриси, Бахмал туманида бундай ҳолат содир этилиши кўпчилик, айниқса бахмалликларнинг ўзлари учун кутилмаган ҳолат эди. Чунки Жиззах вилоятининг энг олис тоғли ҳудудида жойлашган ушбу туман энг илғорлар қаторида бўлмасада, ижтимоий-иқтисодий вазияти “қониқарсиз”лар рўйҳатига ҳам тушмаган эди.

Бироқ тасодиф юз бергани йўқ. Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида» қарори ижроси натижалари таҳлилига кўра, Бахмал тумани ижтимоий-иқтисодий ривожланиши «Қониқарсиз» деб баҳоланиб, «қизил» ҳудудга киритилди.

Нега шундай бўлгани ҳақида бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари Холида Алимова, Санобар Суярова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хожаев, шунингдек, туман кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирокида ўтказилган Халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида муҳокама қилинди.
14.JPG

Сессияда туман ҳокими Муса Анорбоев ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари пасайишига олиб келган хато ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида батафсил ҳисобот бериб, туманнинг бундай ҳолатга тушиб қолгани учун Президентимиз ҳамда туман аҳолисидан кечирим сўради.

Хусусан, ҳоким тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, экспортни кенгайтириш бўйича ишлар қониқарли даражада ташкил этилмаганлиги сабаблари хусусида гапирди. Ҳоким нутқида бир муҳим жиҳат, йўл қўйилган нуқсонларнинг сабаблари тўғри аниқлангани, “касалликка тўғри ташҳис қўйилгани” акс этди.

– Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маълумотларига кўра кўпчилик кўрсатгичлар 150 фоиздан 4,5-5 баробарга ўсганлиги ҳақидаги рақамларига маҳлиё бўлиб, вазиятни чуқур таҳлил қилмаганимиз сезилиб қолди, – деди хоким ҳисоботида. – Агар чуқурроқ назар соладиган бўлсак, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жон бошига Республикада 1 миллион 673 минг сўмга, вилоятда 2 миллион 509,9 минг сўмни, баъзи туманларда 9 миллион сўмни ташкил қилган бир пайтда туманимизда бор йўғи 445 минг сўмни ташкил қилиши мутлоқа қониқасиз эканлиги кўриниб қолаётир.
3 (3).JPG

Фақат ўсиш рақамларига маҳлиё бўлишнинг салбий оқибатлари тадбиркорликни ривожлантиришда йўл қўйилган камчиларда айниқса яққол акс этиб турибди. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига туманда 784 та тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинди. Бироқ улардан 239 таси ёки 29,5 фоизи нима сабабдан фаолият кўрсатмаётгани ўрганилиб чора кўрилмади.

Натажада рўйҳатдан ўтган юридик шахс мақомига эга 3 минг 610 та тадбиркорлик субъектидан 1 минг 342 таси ёки 37 фоизи, 2 минг 151 та жисмоний шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектидан 1 минг 445 таси ёки 67 фоизи фаолият кўрсатмаяпти.

Шу даврда 20 та тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини бутунлай тугатгани сабаблари ҳам чуқур ўрганиб чиқилмади. Соҳадаги аҳволни чуқур таҳлил қилишнинг етишмаслиги натижасида туманда тадбиркорлик субъектларининг яшовчанлик даври вилоят кўрсаткичидан анча пастда қолиб кетаётир. Хусусан, тумандаги 784 та юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларининг фақат 423 таси ёки 53 фоизигина уч йилдан ортиқ давр мобайнида фаолият кўрсатиб келмоқда.
6 (3).JPG

Ҳоким маърузасида ва савол-жавоблар давомида тадбиркорликни ривожлантиришда сифат кўрсаткичларига эришилмаётгани жиддий танқид қилинди. Хусусан, туманда хорижлик сармоядорларга қулай инвестиция муҳити яратишда етарли иш олиб борилмаётир.

Бунинг оқибатида асосий капиталга киритилган умумий инвестициялар ҳажмида тўғридан тўғри хорижий инвестициялар улуши 14,1 фоизнигина ташкил этганлигини ҳеч қандай важ билан изоҳлаб бўлмайди.

Туманнинг географик жиҳатдан сайёҳларни қизиқтирадиган ҳудудда жойлашгани туфайли ҳорижий туристларни ва инвестицияларни жалб этиш имконияти катта. Бироқ бу соҳада олиб бораётган ишлар ҳам ўта қониқарсиз.
1 (2).JPG

Сессияда туман хокими йўл қўйилган бу ва бошқа камчиликлар учун депутатлардан, улар орқали туман аҳолисидан кечирим сўради ҳамда бу камчиликларни тузатиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Шунингдек, сессияда тумандаги секторлар раҳбарларининг ўз ҳудудларидаги ижтимоий иқтисодий вазият ва уни ўнглаш учун кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Тадбирда туманнинг ижтимоий-иқтисодий даражасини оширишда, йўл қўйилган камчиликларни тугатишда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, бугунги кунга қадар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан 82 нафар фуқарога 320 миллион 100 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилгани айтиб ўтилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Холида Алимова сўз олиб, туманни «қизил ҳудуд»дан чиқариш бўйича сектор раҳбарлари томонидан тайёрланган «Йўл харита» ҳамда ҳисоботлар бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди. Камчиликларни тугатиш учун ҳудуддаги барча фаолларни, айниқса депутатларни ҳокимлик билан яқин ҳамкорлик қилишга чақирди.
Тошқул Бекназаров