Жиззахда “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди

Жиззахда “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди

Жорий йилнинг 5 октабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёйев томонидан “Рақамли Ўзбекистон - 2030” Стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармони қабул қилинди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 октабрдаги “Aхборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IТ-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан, жорий йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар марказларида биттадан информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактабларни ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2020 йил 5 октабрдаги ПФ-6079-сон фармонига мувофиқ, Жиззах вилояти бўйича 2 та намунавий туманлар Зарбдор ва Ш.Рашидов туманлари белгиланган бўлиб, 2020 йил ҳамда 2021 йил 1-чораги якунига қадар мазкур туманларда рақамли трансформация бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширилиши кўзда тутилган.

Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида куни кеча Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари, Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларини рақамли трансформация қилиш бўйича ҳудудий Кенгаш раиси ўринбосари Қ.Юлдашев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Ишчи гуруҳ томонидан 2020 йилда ҳамда 2021 йил 1-чораги якунига қадар рақамли трансформация қилинадиган намунавий туманлар хусусан Зарбдор ва Ш.Рашидов туманларида амалга ошириладиган лойиҳалар лойиҳа ташаббускорлари ва тегишли масъуллар иштирокида жойида ўрганилди.

Жумладан, Зарбдор тумани ҳокимлигида “Халқ депутатлари Зарбдор туман кенгаши фаолиятини бошқариш” ахборот тизими, 9-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилаётган ўқувчиларнинг давоматини назорат қилиш бўйича “S-Zone” ахборот тизими, туман марказий поликлиникасида “Электрон поликлиника” ахборот тизими, Зарбдор тумани “Рақамли технологиялар” ўқув марказида туманда ёшлари ва давлат органлари ходимларинг малака ошириши бўйича олиб борилган ишлар, Жиззах шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактаби негизида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштириш таянч мактаби ташкил этилиши, Ш.Рашидов туманида жойлашган Политехника техникумида ахборот технологиялари ва коммуникациялари йўналиши бўйича кадрларни тайёрлаш учун техникум фаолиятини ташкил этиш ҳамда Жиззах шаҳрида қуриб битказилган IT Парк Жиззах филиали ва бошқа лойиҳалар билан яқиндан танишилди.

Ўрганиш натижаларига асосан Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларини рақамли трансформация қилиш бўйича ҳудудий Кенгашининг биринчи муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Кенгаш йиғилишида Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларини рақамли трансформация қилиш бўйича ҳудудий Кенгаш аъзолари ҳамда вилоятдаги идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғилишда вилоятда рақамли трансформация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул бўлган тегишли раҳбарларга лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.