Жиззах воҳасининг улгуржи ва аҳоли истеъмолчилари диққатига!

Жиззах воҳасининг улгуржи ва аҳоли истеъмолчилари диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.07.2019 йилдаги ПФ-5761-сонли «Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.09.2020 йилдаги 594-сонли «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга 2021 йил 1 январдан бошлаб электр энергияси ҳисобини тўлиқ йўлга қўйиш, тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни таъминлаш, тизим орқали аниқланган хатоликларни тезкорлик билан бартараф этиш ишларини тизимли ташкиллаштириш, лойиҳа доирасида ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, белгиланган тадбирларни ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш каби вазифалар юклатилган.

«Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳасини (кейинги ўринларда – ЭҲНАТ) амалга оширишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

автоматлаштирилган электрон ҳисоблаш ва назорат қилиш тизимини «ишлаб чиқариш – подстанция – тақсимлаш пункти – трансформатор подстанцияси - истеъмолчи» занжири асосида жорий қилиш;

ҳисоблагичларни биринчи навбатда йирик истеъмолчилар ва тадбиркорларлик субъектларида ўрнатиш, уларни тизимга улаш;

аҳоли яшаш пунктларида барча электр энергияси истеъмолчиларига, тақсимлаш пунктлари ва трансформаторларга ҳисоблагич ва концентраторларни бир вақтнинг ўзида ўрнатиш ва тизимга улаш ҳамда тармоқдаги йўқотишларни бартараф этиш;

ҳисоблагичларни ўрнатиш ва жорий этилган тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ташкил қилиш орқали жойлардаги барча ходимларнинг кўникма ва малакасини ошириш. 

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан жорий йил якунигача электр ҳисоблагич ўрнатилиб, 2021 йил 1 мартга қадар автоматлаштирилган тизимни тўлиқ ишга тушириш кўзда тутилган.

Амалдаги электр ҳисоблагичларни янгисига алмаштиришда аҳолидан ҳеч қандай ортиқча харажат талаб қилинмайди. Ҳисоблагичларни олиб бориб, ўрнатиб бериш ишлари «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ходимлари томонидан бепул амалга оширилади. 

Авваллари қарздорлиги мавжуд бўлганларнинг хонадонига ходимлар бориб, истеъмолчини электр тармоғидан узиш ва қарздорлик тўланганидан сўнг, қайта тармоққа улаш учун ҳам маълум вақт ҳамда ортиқча маблағ сарфланар эди. Ана шу камчиликларнинг олдини олиш ҳамда аҳолига узлуксиз ва сифатли электр энергиясини етказиб беришни таъминлаш мақсадида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтилмоқда. Одатда, электр энергиясидан фойдаланилади, лекин унинг тўловларига келганда, ишни пайсалга солиш кузатилади. Узатилган электр энергияси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабаб тизимда қатор муаммолар юзага келмоқда.

Жиззах вилояти бўйича электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ) босқичма-босқич ишга туширилмоқда. ЭҲНАТ ҳудудингизда ишга тушганда, қарздорлиги бор ҳамда олдиндан тўлови мавжуд бўлмаган истеъмолчилар автоматик равишда тармоқдан ажратилади ва бунда инсон омили иштирок этмайди. Ҳисоблагичнинг кўрсаткичини ўзгартириш мақсадида ташқи таъсир ўтказиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатларни энди «ақлли» тизимдан яширишнинг имкони бўлмайди. Бунинг боиси, ҳисоблагич ҳар қандай ташқи таъсирни ўз хотирасига ёзиб олади ва бу маълумотларни қайта ишлаш марказига юборади.

 

Фойдаланилган электр энергияси учун тўловни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10 санасигача тўлиқ бартараф этишингиз зарур. Истеъмолчилар тўлов бўйича қарздор бўлганда, ойнинг 11 санасидан бошлаб тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун тўлов муддати ўтган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»га асосан электр энергиясидан қарздорлик сабабли тармоқдан аввал узиб қўйилган маиший истеъмолчиларни тармоққа қайта улашда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробари миқдорида, яъни 446000 сўм, улгуржи шахслардан эса энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида, яъни 2230000 сўм тўлов ундирилади.

 

ҲУРМАТЛИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ!

 

Эндиликда электр энергияси учун тўловларни амалга оширишда шаҳар ва туманлар электр таъминоти корхоналарига боришингиз шарт эмас.

Мамлакатимиз иқтисодий тармоқларининг узлуксиз фаолият юритишига ҳиссангизни қўшинг ва электр энергиясидан қарздорлик вужудга келишига имкон қадар йўл қўйманг!

Фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни мамлакатимизда мавжуд барча тўлов тизимлари (Upay, Click, Payme, Paynet) ҳамда барча банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб ҳозирданоқ амалга оширишингиз мумкин.

 

Агарда сизда электр энергияси билан боғлиқ саволларингиз бўлса, «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти Call марказига (1154) мурожаат қилишингиз мумкин.

 

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати