Жиззахда прокуратура органлари ходимлари байрам муносабати билан тақдирланишди

Жиззахда прокуратура органлари ходимлари байрам муносабати билан тақдирланишди

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 декабрдаги қонунига мувофиқ, 8 январь прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланган.
Шу муносабат билан бугун вилоят прокуратурасида прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини оширишда меҳнат қилаётган соҳа вакиллари рағбатлантирилди. Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев иштирок этди.

Вилоят ҳокими сўзга чиқар экан -"Сизларни Прокуратура органлари ходимлари касб байрами билан табриклар эканман, соҳанинг ҳар бир ходими Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, олижаноб халқимизнинг ҳақиқий ҳимоячиси, адолат ва қонунийлик посбони бўлиб, фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қилишларида муваффақиятлар тилаб қоламан” - деб прокуратура органлари ходимларини табриклади.

Таъкидлаш жоизки, прокуратура органлари томонидан жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман, барча йўналишларда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда ва муҳим натижаларга эришилмоқда.

Бугун прокуратура органлари ходимлари зиммаларига юклатилган ҳар қандай вазифани бажаришга виждонан, садоқат ва юксак масъулият билан ёндашмоқда.
Биргина вилоятимизда ўтган 2020 йил давомида қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида 13 145 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 7740 нафар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланган.

Шунингдек, 2 357 та ноқонуний ҳужжатлар прокурорларнинг протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилган ҳамда тегишли идораларга қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритилди.
Қонун талабларини бузган 4 000 га яқин шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 119 та жиноят иши қўзғатилган.
Прокурор текширишлари ва жиноят ишлари тергови давомида жами 28 млрд. 400 млн.сўм зарарнинг қопланиши таъминланган.
Тадбир сўнгида вилоят ҳокими Эргаш Салиев бир гуруҳ соҳа ходимларини ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати