Рақамлаштириш – ортиқча қоғозбозликка чек қўяди!

Рақамлаштириш – ортиқча қоғозбозликка чек қўяди!

Болани болалар боғчасига навбатга қўйиш, ЙҲХБ жаримасини тўлаш, солиқ, уй-жой ва коммунал хизматлар учун қарзларни текшириш, паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга мурожаат қилиш ... Сизнингча буларнинг барчасига қанча вақтингиз кетади? Барча муассасаларга бориш учун бир неча кун ишдан жавоб сўрашингиз керакми? Албатта йўқ: бу хизматларнинг барчаси аллақачон онлайн форматга ўтган. Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги рақамлаштирилган хизматларни кўрсатиш бўйича мамлакатимиздаги ваколатли орган ҳисобланади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "электрон ҳукумат" ибораларини эшитганда биринчи навбатда Давлат хизматлари марказлари хаёлга келади. 
2017 йилда Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини йўлга қўйгандан бери электрон форматдаги давлат хизматларининг рўйхати 37 тадан 160 тагача ошди.  Ҳозирда агентлик тизимида ҳам рақамлаштириш жараёни изчиллик билан олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Давлат хизматлари агентлиги, хусусан Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари фаолиятини давр талаби даражасида такомиллаштириш бўйича ҳам алоҳида вазифалар белгиланди.

Инсон туғилганидан бошлаб то умрининг охиригача фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига кўплаб марта мурожаат қилади: туғилганлик ёки ўлим ҳақидаги маълумотнома, никоҳ тузилганлик ёки никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар шу муассаса томонидан расмийлаштирилади. Мухтасар айтганда, бу муассасада умрбод сақланадиган ҳужжатлар хазинаси тўпланади. Уларни тартибга солиш, сифатли сақлаш, фуқаролар мурожаатларига кўра керакли пайтда тезкорлик билан қидириб топиш, нусха кўчириб бериш бўлим архиви олдига қўйилган асосий вазифалардан биридир.

Бу борада ахборот коммуникация технологиялари ривожланган ҳозирги даврда имкониятлар тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда ҳар бир берилаётган ҳужжат электрон архив базасига киритиб борилади. Бу эса келгусида фуқароларнинг ФҲДЁ архивидан маълумотларни тезкорлик билан электрон тарзда олиш имкониятини беради.

Давлат хизматлари Агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан зарурий техника воситалари билан таъминлангани ҳамда қулай иш шароитлари яратилгани архивариусларнинг иш сифати ва унумдорлигида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ходимларни ўз ишига масъулият билан ёндашуви, меҳнат ва ижро интизомига риоя қилиши, маълумотларнинг электрон базага хатосиз киритилиши назоратга олинган.

Энди эса ҳужжатларни рақамлаштириш фуқароларнинг вақтини тежаш ва бир ҳужжат ортидан турли идоралар эшиги олдида навбатда туриш муаммоларига чек қўйиш йўлидаги яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди. Тасаввур қилиб кўринг, авваллари бирор бир ҳужжатни ўзингизга қарашли ФҲДЁ бўлимидан олишингиз учун қанча вақт сарф этиларди. Устига-устак ортиқча қоғозбозликка олиб келарди. Рақамлаштириш тизимига ўтилаётгани кўплаб фуқароларнинг сарсон бўлишини олдини олса, идоралараро ахборот алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Яъни, давлат идоралари кўп маълумотларни инсон омилисиз олиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун эса, албатта, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириб, ФҲДЁ соҳасидаги ҳужжатларни тезлаштирган ҳолда электрон шаклга келтириш даркор.

Бугунги кунда вилоятдаги шаҳар ва туман ФҲДЁ бўлимларида сақланаётган мавжуд 2 миллион 98 мингдан ортиқ далолатнома ёзувлари “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритилишига эришилди. Эндиликда мазкур электрон базани янада такомиллаштириш, электрон кўринишга ўтказилган далолатнома ёзувларига жисмоний шахсларнинг  шахсий идентификация  рақамларини бириктириш ишларини якунига етказиш ҳамда оила таркиби (шажара)ни аниқлаш имконияти яратилмоқда.

 

Сирожиддин Баратов -
ДХА Жиззах вилояти бошқармаси
“Давлат хизматларини рақамлаштириш”
бўлими бош маслаҳатчиси