Жиззахда “Арбитраж гуруҳи” аъзолари зиммасидаги вазифалар тушунтирилди

Жиззахда “Арбитраж гуруҳи” аъзолари зиммасидаги вазифалар тушунтирилди

Бу йил Жиззах вилоятидаги фермер хўжаликлари ва кластерлари томонидан 80 минг 200 гектар майдонга чигит қадалиб, эрта баҳордан ҳозирги кунга қадар туну кун олиб борилган заҳматли меҳнат ва муҳим агротехник тадбирлар натижасида чаноқларда пахтадан мўл ҳосил етиштирилди. Эндиги вазифа эса 256 минг 600 тонна сифатли хом ашёни ёғин сочин кунларга қолдирмай, қисқа фурсатларда йиғиб-териб олиш ва пахта тўқимачилик кластерларига қабул қилишдир.

Ана шу масъулиятли мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида вилоятнинг 7 та пахтачилик туманларида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг туманлардаги бўлимлари, Инспекция қошидаги «Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази» ДУК вилоят филиали, Ўзбекистон пахта тўқимачилик кластерлари уюшмаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги филиали, қишлоқ хўжалиги бўлимлари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходимларидан иборат “Арбитраж гуруҳ”лари таркиби шакллантирилди.

Ҳўш, мазкур гуруҳ нима мақсадда ташкил этилди-ю, зиммасига қандай вазифалар юклатилган?

Дўстлик туманидаги “Sangzor Textile” МЧЖга қарашли “Манас” пахта масканида ташкил этилган ўқув амалий семинарида айнан шу саволларга жавоб изланди. Пахтани қабул қилиш ва ундан намуна олиш, ҳосил сифатини аниқлаш ҳамда ушбу жараёнларда вужудга келиши мумкин бўлган муаммоли вазиятларни зудлик билан бартараф этиш каби долзарб масалаларга бағишланган тадбирда қайд этилганидек, жойларда ташкил этилган гуруҳларга “Ўзагроинспекция” нинг туман бўлимлари раҳбарлари бошчилик қилади.

-“Арбитраж гуруҳи” аъзолари пахта топширувчи фермер хўжаликлари ва қабул қилувчи корхоналар ўртасида пахта хом-ашёсининг сифат кўрсаткичларини аниқлашда вужудга келадиган тушунмовчиликларни ўрганадилар ва бартараф этиш чораларини кўрадилар, - дейди Инспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Зафар Бўриев. Шу билан биргаликда, синов таҳлилларини меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида ҳолисона ўтказилиши, пахтанинг физик вазни ва кондицион вазнини аниқлашда устама ҳамда чегирмаларнинг қўлланилиши устидан назоратни амалга оширади.

Семинарда пахта хом-ашёсининг сифат кўрсаткичлари саноат нави, синфи, пахтанинг пишиб етилганлиги, намлик ва ифлос аралашмаларнинг массавий ҳамда бошқа сифат кўрсаткичларини визуал, меъёрий ҳужжат талаблари асосида аниқлаш усуллари амалда синовдан ўтказилди. Бундан  ташқари, низоли ҳолатларда пахтанинг саноат нави, намлиги ва ифлос аралашмаларнинг арбитраж усулда аниқлаш ҳолатларининг ҳар бир босқичлари ҳам иштирокчиларга кўрсатиб ўтилди.

-Мавсум олдидан ташкиллаштирилган бугунги тадбир биз учун айни муддао бўлди, дейди семинар иштирокчиси, Инспекциянинг Зарбдор туман бўлими катта инспектори Миролим Юсупов.- Жумладан, семинарда фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларидан ҳолат юзасидан мурожаатларини қабул қилиш, “арбитраж гуруҳи” томонидан ҳолатни жойида ўз вақтида кўриб чиқиб, бу бўйича баённома ва далолатномаларни расмийлаштириш ҳамда тегишли хулосалар бериш тартиблари аниқ, ҳаётий мисоллар орқали ўрганиб чиқилди. Унда берилган ҳар бир маълумот эса мавсумдаги масъулиятли фаолиятимизда асқотишига ишонаман.

Семинар якунида иштирокчиларга 2021 йил пахта ҳосилини қабул қилишда пахтанинг сифати ва миқдорини аниқлаш, низоли ҳолатларни кўриб чиқиш бўйича пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерлар тайёрлов масканлари ходимлари ҳамда “Ўзагроинспекция”нинг инспекторларига тавсияларни ўз ичига олган методик қўлланмалар тарқатилди.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати