Арнасой туманида сув тежовчи, ёмғирлатиб суғориш технологияси ишга туширилади

Арнасой туманида сув тежовчи, ёмғирлатиб суғориш технологияси ишга туширилади

Жорий йил ҳосили учун экилган мавжуд 10 000 гектар ғалла майдонларидан жами 500 гектар ер майдони ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган.

Ҳозирги кунгача 20 гектар майдонда ушбу технологияни жорий қилиш бўйича фермер хўжаликлари ва қурувчи ташкилот “Омад Старт” МЧЖ ўртасида шартномалар расмийлаштирилди. 

Шунга мувофиқ, Арнасой туманидаги Йўлдош Зохидов СИУдаги “Шерзод илғор даласи”  фермер хўжалигига қарашли мавжуд 40 гектар ғалла майдонидан тажриба сифатида 20 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси ишга туширилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёмғирлатиб суғориш технологиясида суғориш ишлари тўлиқ автомат тарзда амалга оширилади. Cуғориш меъёрини камайтириш ёки кўпайтириш орқали тупроқнинг намиқиш чуқурлигини эҳтиёжга қараб ўзгартириш мумкин. Бунда сув дала бўйлаб бир текис тақсимланади. 

Шунингдек, ёмғирлатиб суғорилганда далада микроиқлим яратилиб, экиннинг жадал ўсиб-ривожланишига қулай шароит яратилади. Бундан ташқари, минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий воситаларни сувга қўшиб бериш ҳам мумкин. Далада суғориш эгатлари ва ўқариқлар олишга зарурат туғилмайди. Оқава сувлар бўлмаганлиги туфайли далани кам меъёрдаги сув билан ҳам сифатли суғоришга эришилади. 

Маълумот учун жорий 2022 йилда Арнасой туманида жами 8000 гектар пахта майдони экилиши режалаштирилган бўлса,  шундан тумандаги “Пахта ғалла” ва “Агроэлегант” кластерлари томонидан путратчи ва АТБ Агробанк туман филиали билан шартномалар имзоланиб сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган.

Арнасой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати