Жиззахда “Тадбиркорга кўмак” марказлари очилди

Жиззахда “Тадбиркорга кўмак” марказлари очилди

Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан Жиззах шаҳридаги бозорларда тадбиркорга кўмак маркази ташкил этилди. Таъкидланишича, ушбу марказ Жиззах шаҳри ва қўшни туманларида фаолият олиб бораётган тадбиркорларга кўмаклашади. Илгари ушбу бозорлар ҳудудидаги тадбиркорлар турли муаммолар билан солиқ инспекцияларига бориб мурожаат қилишган бўлса, эндиликда бу муаммога барҳам берилди. Тадбиркорлар энг муҳими савдони тўхтатишга мажбур бўлишмайди. 

Президентимиз жорий йилнинг 16 март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи чоғида солиқ тизимни рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлик субъектлари билан бевосита мулоқот қилиш, улар дуч келаётган муаммоларни ўрганиш юзасидан бир қатор топшириқлар берган эди.

Ушбу топшириқлар ижроси юзасидан Жиззах шаҳридаги бозорлар ҳудудида “Тадбиркорга кўмак” марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Марказ фаолияти “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида солиқ тўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган.

 

 

Ана шундай марказлар шаҳардаги “Эски шаҳар буюм бозори” ҳамда “Марказий деҳқон бозори ҳудудларида ташкил этилди. Ҳудудлардаги тадбиркорлар солиқ соҳасига оид бирор муаммони ҳал этиш учун бевосита давлат солиқ инспекциясига бормасдан, ўзларига ҳар томонлама қулай бўлган “Тадбиркорга кўмак” марказига ташриф буюрган ҳолда масалага ойдинлик киритишлари мумкин. Албатта, ушбу жараён тадбиркорларнинг ҳам вақти, ҳам маблағи тежалишига хизмат қилади. Эътиборлиси, ушбу марказларга бир нафардан солиқ идораси ходими бириктирилган бўлиб, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Солиқ тўловчи учун энг қувонарлиси, марказлардаги барча хизматлар бепул. Бу ерда фуқароларга солиқ қонунчилигига оид сўнгги ўзгаришларни тушунтириш билан бирга, тадбиркорларга ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш, солиқ ҳисоботларини юбориш, қулай солиқ режимини танлаш, дастлабки бухгалтерияни юритиш каби масалалар юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

 

 

“Тадбиркорга кўмак маркази” нинг айнан тадбиркорларнинг ёнида ташкил этилгани тадбиркорларнинг муаммоларини тезкорлик билан ижобий ҳал этиш ҳамда уларга солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни мунтазам етказиб туришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Жиззах вилоят ДСБ ахборот хизмати