Жиззахда 18 ёшли қизнинг қотили олти йилдан сўнг аниқланди

Жиззахда 18 ёшли қизнинг қотили олти йилдан сўнг аниқланди

Жиззах вилоятида 6 йил аввал ўлдирилган қизнинг қотили аниқланди, дея хабар беради ИИВ.

Маълум қилинишича, 2014 йилнинг 23 октябрь куни Жиззах вилояти, Бахмал тумани, Новқа қишлоғида истиқомат қилган, 1996 йилда туғилган қиз яшаш уйидан паспортини олиш учун чиқиб кетиб, қайтиб келмаган.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, шундан сўнг қизнинг онаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Бироқ 6 йил ўтса-да қизнинг на тириги, на ўлгани тасдиқланган.

Маълум бўлишича, 2014 йилнинг 23 октябрида қиз «Мўғол» қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1991 йил туғилган эркакнинг яшаш уйига келган ва ундан ҳомиладор эканлигини билдирган. Кутилмаган ушбу гап қиз ва йигит ўртасида жанжалга сабабчи бўлган.

Оқибатда йигит қизнинг юзига қаттиқ зарба бериб йиқитган. Шу атрофдаги электр сими билан бўғиб ўлдирган. Жасадни эса гиламга ўраб, қурилиши тугалланмаган уйи олдига кўмиб юборган.