Жиззахда қайнонасининг 267 минг долларга тенг пул ва тилла тақинчоқларини ўғирлаган собиқ куёв ва унинг шериклари ушланди

Жиззахда қайнонасининг 267 минг долларга тенг пул ва тилла тақинчоқларини ўғирлаган собиқ куёв ва унинг шериклари ушланди

Жиззах вилоятида босқинчилик йўли билан катта миқдорда пул ва тилла тақинчоқларни уйдан олиб чиқиб кетган босқинчилар қўлга олинди, деб хабар бермоқда ИИВ.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 12 сентябрга ўтар кечаси соат 3:30 ларда Жиззах шаҳри «Халқобод» маҳалласида яшовчи, 1972 йилда туғилган уй бекаси Ф.М.нинг турар жойида босқинчилик рўй берди.

Қайд этилишича, 3 нафар ниқоб таққан йигит жабрланувчи яшайдиган уй деворидан ошиб кириб, Ф.М. ҳамда унинг 1998 ҳамда 2017 йилларда туғилган қизларини пичоқ билан қўрқитган ва пул талаб қилган. Бу жараёнда босқинчилар жабрланувчиларни уриб, юз ва таналарига жароҳат етказишган.

Улар уйдаги темир сейфни бузиш йўли билан очиб, 207 минг АҚШ доллари, 3 дона тилла билагузук, 5 дона тилла узук, 2 дона тилла зирак, 2 дона тилла занжирни олиб чиқиб кетишган. Умумий ҳисоблаганда, Ф.М.га етказилган зарар 267 минг АҚШ долларини ташкил қилган.

Жабрланувчи бу ҳақда ички ишлар органларини хабардор қилгач, тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилди. Жумладан, пул ва тилла буюмлар борлигидан хабардор кишиларнинг жиноят рўй берган вақтда қаерда бўлганлиги аниқланди. Тилла тақинчоқлари сотилиши мумкин бўлган жойларга эътибор қаратилди. Ҳудуддаги видеокамералар тасвирлари ўрганилиб, муқаддам судланганлар, жиноятга мойил шахслар билан суҳбатлар ўтказилди.

Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида жиноятни Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорақамиш даҳасида яшовчи, муқаддам судланган, 1993 йилда туғилган С.Х., худди шу манзилда яшовчи, муқаддам судланган, 1994 йилда туғилган Ш.Р., Тошкент шаҳри Сергели тумани Қурувчилар даҳасида яшовчи, 1996 йилда туғилган А.Х., Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек ҚФЙда яшовчи, 1995 йилда туғилган, муқаддам судланган А.А. ҳамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чорбоғ қўрғонида яшовчи, муқаддам судланган 1995 йилда туғилган А.У. содир этганлиги аниқланди.

Турар жойда пул ва тақинчоқлар сақланаётганлигини жиноий гуруҳ аъзоси, 1996 йилда туғилган А.Х. яхши билган. Чунки у жабрланувчининг 1998 йилда туғилган қизи билан бир муддат шаръий никоҳ асосида яшаган.

Айни вақтда айбланувчилар ҳибсга олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.