Жиззахда Тангисой тоғидан олтин рудасини ўғирлашга уриниш ҳолатлари фош этилди

Жиззахда Тангисой тоғидан олтин рудасини ўғирлашга уриниш ҳолатлари фош этилди

Жиззах вилоятида жойлашган Тангисой тоғидан олтин рудасини қазиб олиб, ўғирлашга уринган икки нафар фуқаро ички ишлар органлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берган.

Хабарда қайд этилишича, ички ишлар органлари ходимлари томонидан Ғаллаорол туманида ерости бойликларини талон-торож қилишнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар давомида «Булоқбоши» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Тангисой тоғидан олтин рудасини қазиётган 1995 йилда туғилган А.Х. ушланган. Булоқбоши қишлоғида яшовчи йигитдан 1 дона электродвигатель, 1 дона перфоратор ҳамда 10 килограмм руда олинган.

Ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган яна бир булоқбошилик фуқаро 1977 йилда туғилган А.К. ҳам ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Тадбирда қонунбузарнинг 1 дона электродвигатель ва 1 дона перфоратор ёрдамида Тангисойдан 10 килограмм руда қазиб олганлиги маълум бўлган.

Ҳолатлар бўйича Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабарида.