“Маҳаллабай” ишлашнинг самараси: Бир кунда 700 га яқин фуқароларнинг масалалари ҳал этилди!

“Маҳаллабай” ишлашнинг самараси: Бир кунда 700 га яқин фуқароларнинг масалалари ҳал этилди!

Маҳаллани одамларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан биладиган тузилмага айлантириш борасида жиддий қадамлар ташланди. Унинг ваколатлари янада кенгайди, иш услублари ҳам бугун ўзгариб бормоқда. Ҳар қандай масала маҳаллада ҳал бўлади, зеро, кўпчилик билан кенгашиб иш юритишнинг самараси беқиёс.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “маҳаллабай” ишлаш тизимининг жорий этилиши аҳоли фаровонлигини юксалтириш, бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Юқорида ўтириб ишлаш, турли дастурлар ишлаб чиқишнинг даври ўтди. Ахир ҳудуднинг имкониятларини, иссиқ-совуғини билмаган киши унинг тараққиётини қандай белгилай олади. Илк бор ҳаётга татбиқ этилаётган “маҳаллабай” тизимига кўра, энди туман-шаҳарлардаги барча давлат ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб боради.

Айни кунларда ДХА Жиззах вилоят бошқармаси аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида уйма-уй юриш тизимини йўлга қўйган. 

Бугун вилоятдаги ДХМ ва ФҲДЁ ходимлари ўз ҳудудларидаги маҳаллаларда бўлиб, хонадонларга ташриф буюрдилар. Бир кунда 700 тага яқин фуқароларнинг масалалари ҳал этилди. Хусусан, 392 та хонадонга кирилиб, 324 та ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш бериб ўтилди. Уларга 140 та давлат хизмати кўрсатилиб, 173 та мурожаат қабул қилинди.

Бу каби тадбирлар доимий равишда амалга оширилиб борилади.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати