Мирзачўл туманида “туманбай”, “секторбай”, “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизимини ташкил этиш бўйича намунавий семинар ўтказилди

Мирзачўл туманида “туманбай”, “секторбай”, “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизимини ташкил этиш бўйича намунавий семинар ўтказилди

Бугун Мирзачўл туманида Жиззах вилоятида 2021 йил давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш, ёшлар билан ишлашнинг “туманбай”, “секторбай”, “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизимини ташкил этиш бўйича намунавий семинар ўтказилди.

Мазкур намунавий семинар, фестивал тарзда ташкил этилиб, вилоят ва туманларнинг 4 та сектор раҳбарлари, фаоллари, корхона ва ташкилотлар вакиллари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар маъсуллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.  

Фестивал доирасида дастлаб туман марказий касалхонаси олдида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида юриш марафони ўтказилди. Ушбу оммавий тадбирда шаҳар ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг барча қатлами, кексалар ва нуронийлар, аёллар ҳамда ёшлар, корхона, ташкилот ёшлари бирдек иштирок этишди. 

Юриш марафони сўнг, WOK-OUT мусобақаси ташкил этилди. Мусобақада 18-30 ёшли 30 нафарга яқин ёшлар қатнашди. Истироҳат боғи худудидаги сунъий қопламали футбол майдонида Гагарин шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ёшлари ўртасида футбол мусобақаси ташкил этилди.

Ёшлар боғидаги Фантан атрофида спортчи ёшлар эришган ютуқлари кўргазмаси ҳамда бадиий китоблар ярмаркаси тадбирга ўзгача файз киритди. Боғ худудидаги амфитеатрда мумтоз наволар, шеърият танловлари ва фольклор ансамбли иштирокида лапарлар айтишуви ташкил этилди. Ёшлар етакчилари иштирокида ўтказилган ҚВЗ жамоаси чиқишларида фаол қатнашган ёшлар туман Халқ таълими бўлими ҳамда Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан диплом ва фахрий ёрлиқлар билан рағбатлантирилди. 

             

18-30 ёшлилар ўртасида 12 та маҳалладан маҳоратли ошпазлар кўрик-танлови йиғилган тадбир иштирокчиларида айниқса жуда ажойиб таассурот қолдирди. Бир-биридан ширин тайёрланган таомлар ҳакамлар ҳайъати аъзоларига ошпазларни ҳаққоний баҳолашда шошириб қўйди. Тадбирда 1,2,3-ўрин ғолиблари ва турли номинациялар аниқланиб, ёш ва маҳоратли ошпазлар рағбатлантирилди.

Ташриф буюрувчилар тадбирлар давомида мутахассислар томонидан ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш масалалари борасида туман 
IT-CENTER да дарс жараёнлари ва ўқув курслар фаолияти билан яқиндан танишдилар. “Кибер спорт” мусобақаси жараёнларини кузатдилар. Ёшларнинг фаол ва интилувчанлиги йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириб бориш бўйича Мирзачўл туман штаби томонидан олиб борилаётган қизғин  иш жараёнлари билан танишдилар. Штабда бугунги кунда намунали ташкил қилинаётган ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда касб-ҳунарга йўналтириш, касбга ўқитиш, ҳужжатлар билан ишлаш  каби барча жараёнлар штаб аъзолари томонидан шарҳлаб, ёритиб ўтилди.

Мирзачўл туманида жами 8928 та хонадонда яшовчи 7570 нафар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар хатловдан ўтказилиб,  972 нафарида муаммолар аниқланиб ёшлар дафтарига киритилди. Уларнинг 66 нафари ижтимоий ҳимояга мухтож,  233 нафари қайта касбга ўқитиш,  342 нафари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирганлиги ва уларга банк кредит маблағлари ажратилиши белгиланди, 331 нафар ёш эса иш билан таъминланиш истагини билдирган ва бу бўйича бирмунча сезиларли ишлар амалга оширилиб келинган.

Фестивал доирасида меҳмонлар Жиззах вилояти Мирзачўл туман ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳамда Мирзачўл туман бўлимлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Мирзачўл туман бўлими ташаббуси билан "Ёшлар: 1+1" дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича ташкил этилган ўқув курслари фаолияти билан ҳам танишдилар. Шунингдек, вилоятдаги 16-касб-ҳунар мактаблари иштирокида ташкил қилинган  “Касблар фестивали” тадбирида бевосита иштирок этдилар.

Дастлаб, тумандаги Касб-ҳунар мактаби  марказида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида “Ёшлар: 1+1 дастури” доирасида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш мақсадида ташкил этилган 2 ҳафталик ўқув-семинар ниҳояланиб, унда таҳсил олганлар учун бўлиб ўтган тест синовларини муваффақиятли якунлаганларга ўз йўналишлари бўйича сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўқув-курсларда ишсиз ва уюшмаган ёшларни тадбиркорлик асослари бўйича 1-босқичда муваффақиятли иштирок этган ёшларга Мирзачўл туман Касб-ҳунар мактаби биносида сертификатлар топширилди.  Ушбу курслар икки босқичда ташкил этилган бўлиб, Мирзачўллик 36 нафар ишсиз ёшлар тадбиркорлик йўналиши бўйича сабоқ олишган бўлса, 2-босқичга яна 50-нафар ёшлар ўқитилиши режалаштирилган.

Фестивал якунида туман ҳокимлиги янги фаоллар залида  Жиззах вилоятида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш, ёшлар билан ишлашнинг “туманбай”, “секторбай”, “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизимини ташкил этиш бўйича намунавий семинар ўтказилди.

Семинар ишида вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, Давлат хавфсизлик хизмати бўлими бошлиқлари, ёшлар ишлари агентлиги туман, шаҳар бўлими бошлиқлари иштирок этди.

Йиғилишда мутасаддилар ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасида амалга ошираётган ишлари бўйича ахборот беришди.

Йиғилиш сўнгида кун тартибидаги масала юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, вилоятда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича барча чора-тадбирлар белгилаш ҳақида келишиб олинди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати