Алишер Отабоев уни театрдан Мурод Ражабов қувгани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди (видео)

Алишер Отабоев уни театрдан Мурод Ражабов қувгани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди (видео)

Актёр Алишер Отабоев «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди. Алишер Отабоев суҳбат давомида уни театрдан Мурод Ражабов қувгани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди.- "Мурод Ражабов зўр санъаткор, мен Мурод акага ихлос қилардим. Устозим бор, уларни жуда ҳам ҳурмат қиламан, аммо ихлос деган туйғу ҳам бор. Мен Мурод Ражабов ва Эркин Комиловга ихлос қилардим. Мурод ака саломат бўлсинлар, соғлиқлари ёмон деб эшитдим.

Бу инсон бизнинг театрга нотўғри келдилар. Мурод Ражабов Муқимий номидаги мусиқали театрга нотўғри келдилар, нотўғри эшикка кириб қолдилар. Балки ўзлари хоҳламагандир, лекин Мурод акам бизнинг одам эмас эди, улар ўзбек киносининг одами эдилар. Биз мусиқали драма театримиз. Бахтиёр Ихтиёров ‘Театрни сен биласан, улар билмайди, кетиб тўғри қилибсан’, деб айтгандилар.

Мурод Ражабов келганлари кетишимга бир туртки бўлди, холос, ўз ихтиёрим билан, рози бўлиб кетганман.

Мурод Ражабов олдиларига чақириб, ўн марталаб ‘Тушунмаяпман, Алишер, мен келганимга кетяпсизларми?’, деб сўрадилар. Театримизга мусиқали театрни тушунмайдиганларни олиб кела бошлашди. Мажлисда биттаси ‘Мусиқали театрга қўшиқ керакми ўзи?’, деб юборди, бу бизнинг ўлганимиз эди.

Бечора Мурод Ражабов олиб қолиш учун роса ҳаракат қилдилар. Уларни алдаб, турли баҳоналар қилиб, кетиш ҳаракатини қилдим. Ўттиз уч йил ишлаган жойимдан кетиш осон бўлмади. Ҳозир Мирза Азизов келиб, ҳаммаси жойига тушди.

Мен зўрлигим учун кетиб қолдим, демайман, менсиз театр тўхтаб қолади ҳам демадим. Ҳамза Умаровлар, Раззоқ Ҳамроевлар кетганида тўхтаб қолмаган, мен кетсам, тўхтаб қолармиди
", - дейди Алишер Отабоев.


Маълумот учун, Алишер Отабоев 1980 йилдан 2013 йилгача Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театрида ишлаган. Театрда 50 дан ортиқ, кинода 100 дан ортиқ турли даражадаги ролларни ижро этган.