Фильмлар ишлаб чиқаришга сарфланган маблағларнинг бир қисмини қайтариш тартиби белгиланди

Фильмлар ишлаб чиқаришга сарфланган маблағларнинг бир қисмини қайтариш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Президентининг " Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони билан аудиовизуал асарлар яратишда республика ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш (“rebate”) тартиби тасдиқланди. Улар қаторига Ўзбекистон ҳудудида яратилган бадиий ва ҳужжатли филмлар, сериаллар, мультфилмлар, телевизион дастурлар киради.

Белгиланган тартибга кўра, rebate тизими хорижий ва маҳаллий кинокомпаниялар учун мўлжалланган.

Хорижий кинокомпаниялар учун, агар харажатлар суммаси:

3 миллиард сўмгача бўлса – 10 фоиз, бироқ битта фильм учун 250 миллион сўмдан ошмаган миқдорда;

3 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача бўлса – 15 фоиз, бироқ битта фильм учун 650 миллион сўмдан ошмаган миқдорда;

5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлса – 20 фоиз, бироқ битта фильм учун 1,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда;

10 миллиард сўмдан ортиқ бўлса – 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;

Маҳаллий кинокомпанияларга улар томонидан фильм ишлаб чиқаришда тўланган солиқ суммасининг 50 фоизи ҳисобот йили якунига кўра қайтариб берилади.

Фармонда таъкидланишича, хорижий киноижодкорлар учун белгиланган компенсациялар республика бюджетидан тўлаб берилади ва ушбу мақсадлар учун ҳар йили 20 миллиард сўм ажратилади.

Маҳаллий кинокомпаниялар сценарийси Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳаллий аудиовизуал асарлар учун харажатларини қисман қоплашлари мумкин. Rebate тизими давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фильмларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, Фармонда миллий кинематографияни ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотларни тизимли равишда давом эттириш, ушбу соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, мамлакатда жаҳон тажрибаси асосида кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, шунингдек замонавий кино саноати учун инфратузилма ва мамлакатда кинопрокат тизимини ривожлантириш назарда тутилган.