Санжайга «Карвон» қўшиғи қимматга тушди

Санжайга «Карвон» қўшиғи қимматга тушди

Муаллифлик ҳуқуқини бузган Санжай шоирга жами 94 миллион сўм миқдорида товон пули ва маънавий зарар тўлаши лозимлиги суднинг қарори билан тасдиқланди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 13 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси жамиятининг аъзоси шоир Усмон Азим манфаатида жавобгар Санжар Жавбердиевга (Санжай) нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги фуқаролик иши кўриб чиқилди.

Мазкур ишни кўриб чиқиш давомида фуқаро Санжар Жавбердиевнинг шоир Усмон Азим қаламига мансуб «Карвон» номли шеърдан муаллифнинг розилигини олмаган ҳолда, хусусан, келишувга эришмасдан ёки шартнома тузмасдан фойдаланиб «Карвон» номли қўшиқ ижро этганлиги ҳамда интернет орқали ижтимоий тармоқларга жойлаштирганлиги ўз тасдиғини топган.

Шундан келиб чиқиб, суд томонидан тарафлар ўртасида келишувга эришилмаганлиги, муаллифнинг розилигисиз унинг шеъридан фойдаланилганлиги инобатга олиниб, жавобгар Санжар Жавбердиевдан шоир Усмон Азим фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (54 млн. сўм) миқдорида товон пули ва 40 млн. сўм миқдорида маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган.