Хивада «Рақс фестивали» бошланмоқда, машҳур блогерлар Хоразмга отланган


Бугундан Хивада ўтказиладиган «Рақс сеҳри» халқаро фестивали иштирокчиларини кутиб олиш бошланди. Учинчи бор ўтказилаётган ушбу фестивал Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Хоразм вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкиллаштирилмоқда.

— Фестивалда жаҳоннинг 20 давлатидан жами 110 нафар вакил иштирок этиш истагини билдирган, — дейди Туризмни ривожлантириш департаменти Хоразм вилоят ҳудудий бўлими мутахассиси Райҳон Давлетова. — Уларнинг орасида санъаткорлардан ташқари олимлар, блогер ва таниқли журналистлар ҳам бор. Жумладан, британиялик журналист-блогер, халқаро рақс ассоциасияси аъзоси Роза Веркое, Италия давлат телевидениеси бош муҳаррири Консуэло Женнари, Ал Жазира телеканали бошловчиси Муҳаммад Сиафик бин Азман, Франциянинг Овернь вилояти пресс-клуби ва журналистлар уюшмаси раҳбари Сониа Рейн ва бошқалар бугун Хоразм вилоят марказида кутиб олинади.

Эътиборлиси шундаки, бугун соат 15.00 да Хивадаги Нуриллабой мажмуасида бўлиб ўтадиган «Рақс фестивали»нинг очилиш маросимида Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган элчилар ва халқаро ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбир доирасида Ичанқалъа музей қўриқхонаси кутубхонасида этнография, мусиқа ва рақс санъатига бағишланган илмий анжуманлар, миллий ҳунармандчилик намуналари ва либослар кўргазмаси ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Икки кун давом этадиган фестивалда қўғирчоқ театрлари, халқ масхарабозлари ва анимацион чиқишлар намойиши ҳам бўлиб ўтади.

скачать dle 12.0


Фикрлар (0)

изоҳ қўшинг